Қирғизистонлик тадбиркор аёллар ҳақидаги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Қирғизистонлик тадбиркор аёллар ҳақидаги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Тўплам Назарбоев Университети қошидаги тадбиркорликни тадқиқ қилиш маркази олимлари томонидан қўшни юртга уюштирилган экспедициялар давомида тўпланган маълумотлар асосида яратилган. Нашр Олий бизнес мактаби профессори Шумайла Юсуфзай раҳбарлиги остида тайёрланди. Унинг айтишича, китобдан жой олган ҳар бир ҳикоя Қирғизистондаги жамоат туризми маҳаллий аёллар имкониятларини қандай кенгайтиргани, маданиятни қай тариқа сақлаб қолиши, улар фаолиятининг мамлакат иқтисодиётидаги улуши ҳақида сўз юритади. Дарвоқе, жамоат туризмининг қирғизча модели, дейди профессор, бугунги кунда ўта муваффақиятли. У аёлларга кўмак лойиҳаси доирасида 1995 йилдан ривожлана бошлаган. Бугунги кунда Қирғизистонда туризмнинг ушбу турини равнақ топтиришга йўналтирилган 18 та офис мавжуд. Уларда аёлларга турли соҳаларда кўникма ошириш, ишга жойлашиш ва ўзи яшаб турган ҳудудда муваффақиятли бизнес яратишга ёрдам берилади.

Шумайла Юсуфзай, Nurce директори, ну олий бизнес мактаби профессори:

- 2022 йилда биз Назарбоев Университети грантини ютиб олдик, бу Қозоғистон, Қирғизистон ва умуман, Марказий Осиёда аёллар тадбиркорлигини ўрганишга бағишланган. Тадқиқот мавзуси аёлларнинг жамоат туризмини қандай тушуниши. Биламизки, Қирғизистон – Марказий Осиёда хотин-қизлар иштирокидаги жамоат туризми борасида муваффақиятга эришган давлат саналади.  2022 йилда Қирғизистоннинг турли минтақаларида яшовчи аёллар билан суҳбатлашдик. Улардан ҳар хил қизиқарли воқеаларни эшитдик, бу аёлларнинг оиласига, жамиятга, мамлакат, иқтисодиёт ва туризмга қўшаётган улуши ҳақидаги ҳикоялар. Бизда бу ҳикояларни одамларга етказиш истаги пайдо бўлди.

Йозеф Кеннингс, Назарбоев университети олий бизнес мактаби декани:

- Биз фақат Қозоғистонни эмас, балки бутун минтақани ўрганамиз, яъни янги компаниялар кириб келишига қандай омиллар таъсир қилади, компаниянинг бозордан чиқиб кетишига нима таъсир кўрсатади, ёш компания ва тадбиркорлар муваффақият билан ўса олиши, келгусида етакчи компанияга айланиши учун зарурий бозор экотизимини қандай яратса бўлади, шуни тадқиқ қиламиз.

Дарвоқе, олимлар шунга ўхшаш тадқиқотни Қозоғистонда ҳам ўтказган. Юртимизда аёллар орасида жамоат туризмини ривожлантириш ҳақидаги китоб  йил охирига қадар нашрдан чиқиши режа қилинган. 

Хуршида Абдуллаева таржимаси