Қозоғистон Бирлашган Миллатлар ташкилоти Низомига, халқаро ҳуқуқ тамойилларига ҳурмат билан қарайди. Республика ушбу глобал ташкилот роли ва нуфузи ошишига ўз ҳиссасини қўшишда давом этиш ниятида. Қозоғистоннинг БМТ аъзоси бўлганига 30 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган анжуманда мамлакатнинг Женевадаги БМТ ва бошқа ташкилотлар бўлимларидаги вакили Ерлан Алимбаев шундай баёнот берди. Юбилей тадбири иштирокчилари Қозоғистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона ратиш, СВМДА йиғинларини ташкил этиш, Астана жараёни доирасида Сурия бўйича тинчлик музокаралари ўтказилиши, конфессиялараро мулоқотни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини тилга олди.
Татьяна Валовая, Женевадаги БМТ бўлими бош директори:
- Ўтган 30 йил давомида Қозоғистон БМТнинг нуфузли аъзоларидан бирига айланди. Ўтган йиллар мобайнида у кўптомонлама ҳамкорлик, қуролсизланиш мавзуси, барқарор ривожланиш мақсадлари кун тартибига кўп нарсалар олиб кирди. Қозоғистоннинг ядровий қуролсизланиш ва ядро қуроли синовларини тақиқлаш ташаббускорларидан бири эканлигини тилга олишнинг ўзи кифоя. Қозоғистон ҳудудида кўплаб музокаралар ўтказилади, шу жумладан, биз Сурия масаласидан бохабармиз. Шунинг учун ҳам ядро қуролидан ўз ихтиёри билан воз кечган, бугунги кунда ҳам қуролсизланиш кун тартибини илгари сураётган давлат сифатида Қозоғистоннинг тутган мавқеи жуда муҳим.
Ольга Алгаерова, БМТ Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби:
- Мен БМТга аъзо бўлишининг 30 йиллиги муносабати билан Қозоғистон халқини ва раҳбариятини табриклайман, энг яхши тилакларимни билдираман. Биз атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика, транспорт, савдо ва статистикада вазирликларингиз билан тиғиз ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу йўналишларда Қозоғистон жуда фаол. Республика раислик вақтида Сув конвенциясини рўёбга чиқаришга улкан ҳисса қўшди.
Халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлагани, Қозоғистоннинг халқаро саҳнадаги нуфузини мустаҳкамлагани учун БМТнинг юқори лавозимли вакиллари, қуролсизланиш бўйича экспертлар Мустақилликнинг 30 йиллигига чиқарилган юбилей медали билан тақдирланди.
Марк Фино, Хавфсизлик сиёсати Женева маркази бўлинмаси бошлиғи:
- Қозоғистон биринчи бўлиб ядро арсеналидан воз кечди, қуролсизланишни, халқаро ҳамкорлик ва тинчлик-тотувликни илгарилатишга катта ҳисса қўшди.
Экспертлар ва дипломатлар Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгашида нодоимий аъзолиги ва раислиги якунлари муҳимлигини таъкидлаб ўтишди. Инсон ҳуқуқлари БМТ кенгашида аъзолигини тилга олишди.
Абдумалик Сарманов таржимаси