QazVac клиник синовлари ниҳоясига етди

QazVac клиник синовлари ниҳоясига етди

Қозоғистоннинг коронавирусга қарши QazVac вакцинаси штамм таркиби модернизацияланади. Вируснинг «ухань» штамми «дельта» штамми билан алмаштирилади. Марказий Коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда Биологик хавфсизлик муаммолари илмий тадқиқот институти бош директори Кунсулу Закарья маълум қилишича, QazVac вакцинасининг клиник синовлари 3-босқичи ёзда тугаган. Лекин унинг натижалари тўғрисида хулоса чиқарилишига яна ярим йил бор. Унинг билдиришича, мамлакатимизда ишлаб чиқилган биринчи вирусга қарши препарат синовлари муваффақиятли ўтган. Унда уч минг одам қатнашган. Нотиқ маълум қилишича, шу кунларда Қозоғистон олимлари тадқиқот натижалари хусусида мақола тайёрлаяпти, у нуфузли илмий журналлардан бирида чоп этилади.

Кунсулу Закарья, биологик хавфсизлик муаммолари илмий тадқиқот инстиути бош директори:

- Экспертиза хулосаси, қарорларини журнал таҳририятига юборамиз. Одатда, мақолага рецензия ёзилишига олти ой сарфланади. Лекин, умид қиламизки, йил охиригача ёки келаси йилнинг бошида мақола чоп этилади. Барча клиник тадқиқотлар якунига етди, 9 июлда сўнгги таҳлиллар олинган эди. Июль охиригача кўп сонли маълумотлар базаси статистика нуқтаи назаридан батафсил кўриб чиқилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси