АҚШда Осиё киноси фестивали доирасида «Qazaq. Олтин одам тарихи» ҳужжатли фильми премьера си ўтказилди. Картина голливуд продюсери Оливер Стоуннинг Қозоғистон Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан суҳбатига асосланган. Унда Элбоши СССР парчаланиши, мустақил республиканинг оёққа туриши, янги пойтахт бунёд этилиши ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашган.
Игорь Лопатёнок, картина режиссёри:
- Тарих, социология, маданият ва иқтисодни билишни талаб қилувчи жиддий сиёсий ва геосиёсий масалалар хусусида гапирарканмиз, томошабин эътиборини тутиб туриш осон эмас. Яъни, томошабинни ўзига боғлаб оладиган фильм яратиш жуда қийин. Биринчидан, ҳикоячи яхши гапиради. У эса туғма сторителлер. Иккинчидан, интервью олувчи ҳам чакки эмас. 40 дан зиёд президент билан суҳбатлашган. У шахс сифатида, фикрлаш даражаси бўйича Элбоши турган юксакликка кўтарилган.
Режиссёрнинг таъкидлашича, «Qazaq. Олтин одам тарихи» картинаси унинг энг яхши асарларидан. Америкалик томошабинларнинг қизиқиши ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Шуни ҳам айтиш керакки, синчков мухлислар фильм учун яратилган мусиқага ҳам юқори баҳо берди. Картинада ижро этилган куйларни итальян бастакори Карло Силиотто ёзган.
Карло Силиотто, бастакор:
- Мен қозоқ миллий чолғу асбобларидан завқланаман. Маданиятингиз мени лол қолдиради. Дўмбира, қўбиз, қил қўбиз – уларнинг оҳанглари бошқа бирор чолғуникига ўхшамайди. Миллий оркестр наволарини кўп тингладим, бу мусиқани яхши кўриб қолдим.
Ҳужжатли фильм премьераси Хитой ва Европада ўтказилди. Режиссёрнинг маълум қилишича, яқин келажакда картинанинг 8 соатли телеверсияси намойиш этилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси