Жанубий Кореянинг аҳолиси бўйича иккинчи шаҳри – Пусанда Қозоғистон Бош консуллиги очилди. Тонгги мусаффолик мамлакатида яшовчи ватандошларимиз энди ҳужжатлар олиш ёки янгилаш учун 300 километр йзл босиб, Сеулга бориши шарт эмас. Мегаполис раҳбарияти таъкидлашича, консуллик очилиши мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ва маданий ҳамкорликни кенгайтиради.
Пак Ин Ха, халқаро муносабатлар бўйича элчи. Пусан шаҳри:
- Биз Қозоғистонда к-поп ва корейс маданияти кенг тарқалганидан хабардормиз. Пусан – туристик шаҳар ва кино маркази. Шунинг учун мен туризм соҳасидаги ҳамкорлигимиз кенгайишига ишонаман.
Чон Чжон Пхиль, Пусан шаҳри халқаро ҳамкорлик жамғармаси Бош котиби:
- 24-26 июнда жамғармамиз Қозоғистон элчихонаси билан ҳамкорликда Пусанда Қозоғистон фильмлари кинофестивалини ўтказади. Евроосиё шаҳарлари форумини ташкил этиш ниятидамиз. Анжуман Марказий Осиё мамлакатлари билан тиғиз ҳамкорлик ўрнатишга бағишланади.
Таъкидлш лозимки, Пусан – жаҳоннинг энг йирик денгиз портлари бешлигига киради. Ундан Қозоғистонга автомобиль қисмлари ва мотор мойлари юборилади. Қозоғистон нефть ва уран экспорт қилади.
Бақит Дюсенбаев, Қозоғистоннинг Корея Республикасидаги элчиси:
- 2021 йилда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 3 миллиард 200 миллион долларни ташкил қилди. Жорий йилнинг 3 ойи давомида икки томонлама савдо ҳажми 1 миллиард 200 миллион долларга етди.
Таъкидлаш лозимки, Жанубий Корея инвесторларининг Қозоғистонга қизиқиши кун сайин ортяпти. Ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар кўпаймоқда. Шу сабабли Пусанда инвестициялар жалб этиш бўйича Қозоғистон миллий компанияси ваколатхонаси очилади, у бош консуллик биносида жойлашади.
Айгуль Нуралина, инвестициялар жалб этиш бўйича халқаро компания вакили:
- Мамлакат литий, кобальт, никель каби ноёб ер металлари қазиб олиш, қайта ишлаш ва сотишдан манфаатдор. Шу жумладан, электр кабеллари ишлаб чиқариш ташкил этилиши мумкин. Ҳозир катта ҳажмдаги бундай маҳсулотлар Кореядан Қозоғистон ва МДҲ мамлакатларига олиб келиняпти. Шунинг учун ҳам Қозоғистонда янги ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ёки мавжудларини модернизациялаш зарурати бор.
Абдумалик Сарманов таржимаси.