Автобусларда буюк қозоғистонликлар ҳақида аудиоҳикоялар

Автобусларда буюк қозоғистонликлар ҳақида аудиоҳикоялар

Қозоғистоннинг маданий ва тарихий арбоблари билан энди автобусларда ҳам танишиш мумкин. Астана жамоат транспорти йўловчиларига иқтидорли қозоғистонликлар ҳақида аудиоҳикоялар тақдим этилмоқда. Миллий меросни оммалаштиришга қаратилган янги лойиҳа пойтахтдаги 84 йўналишда ҳаракатланаётган 500 та автобусда ишлаяпти. Ташкилотчилар таъкидлашича, жамоат транспорти қулай ҳаракатланиш воситаси бўлиши билан бирга маданият ва таълимни ривожлантириш майдончасига айланди.


Сакен Есиркеп, Астана шаҳри Тилларни ривожлантириш ва архив ишлари бошқармаси раҳбари:


- Биз ҳозирча 55 нафар қозоқ халқи шахсларини саралаб олдик, ҳар бири ҳақида 20-30 сонияли аудиомаълумот тайёрладик. Одамлар бу ташаббусни илиқ қабул қилишди. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги фикрларидан ҳам шуни уқиш мумкин. Биз шунчаки маълумот тарқатмаяпмиз, мамлакат маданияти ва тарихига салмоқли ҳисса қўшган шахсларни таништирмоқдамиз.


Суратга олиш гуруҳимиз пойтахт аҳли ва меҳмонлари ҳам бу борада ижобий фикрда эканлигини  намойиш қилди. 66-шаҳар йўналиши йўловчилари янги лойиҳага қизиқишини яширмади.


- Қозоқ хонлари, буюк шахслар ҳақида гапиришгани жуда ажойиб. Бундай лойиҳалар миллий маданиятга муҳаббат уйғотишига шубҳа йўқ.


- Биринчи марта мана шу аудиомаълумотни тинглаганимда жуда қувонгандим. Биринчидан, ватан ҳисси. Иккинчидан, ёш авлод ва бошқалар учун янги нарса ўрганиш имконияти.


- Менимча, бундай аудиомаълумотларни автобусларда кўпроқ бериш керак. Чунки тарихимизни яхшироқ ўрганишга хизмат қилади, буюк шахслар ҳақида маълумот олишга ёрдамлашади. Ватанпарварликни ўстиради, деб ўйлайман.


Абдумалик Сарманов таржимаси