Қозоғистон олимлари архив ҳужжатларидан махфийлик тамғасини олиб ташлаш ва сиёсий қатағон қурбонлари ҳақида аввал маълум бўлмаган маълумотларни тўплаш билан шуғулланяпти. Улар Маданият ва спорт вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотларга қарашли ёпиқ архивларда сақланаётган материалларни ўрганмоқда. Барча минтақаларда маълумотлар билан ишлаш учун 10 та махсус гуруҳ тузилган. Тадқиқ этилган материал бир неча тўпламларга жамланади. Улардан бири жорий йил охиригача чоп этилиши мўлжалланган. Қатағон қурбонларини реабилитация қилишдан ташқари, олимлар улар дафн этилган жойларни изламоқда.
Сабир Қасимов, Сиёсий қатағон қурбонларини тўла реабилитация қилиш бўйича давлат комиссияси лойиҳа офиси раҳбари:
- Ўз режаларимиз, услубий кўрсатма ва инструкцияларда минтақавий комиссияларга туманларга бориш, экспедициялар, волонтёрлик гуруҳларини йўллаш, ўлкашунослар, фаолларни жалб этиш орқали улар дафн этилган жойларни аниқлаш зарурлигини кўрсатганмиз. Ўша жойларга ёдгорликлар, белгилар қўйилади. Одамлар буни билиши зарур,
Берик Абдиғалиули, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:
- Қатағон қилинганларнинг исми-шарифи келтирилган рўйхатлар мавжуд. Улар тақдири ҳақида авлодлари ҳеч нарса билмайди. Агар тақдирини аниқлай олсак, улар ким бўлгани, халқи учун қандай хизмат қилганини айта оламиз. Чунки уларнинг кўпчилиги одамлар оч қолмаслиги учун ҳаракат қилган. Улар халқнинг молини, донини олиб кетишларига қарши чиққан. Қатағон қилинганлар шундай адолатсизликка қарши бўлган. Ҳукуматнинг бундай хатолари охир-оқибат катта фожиа - очарчиликка олиб келди. Ҳозир биз аввал қатағон қилинганлар жасоратини кўрсатиб беришимиз, исми-шарифи ва тутган йўлини оқлашимиз зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси