Президентнинг Венгрияга ташрифи якунлари

Венгрияга қилинган давлат ташрифи доирасида Қосим-Жўмарт Тўқаев Президент Тамаш Шуйок билан учрашди. Ишчан тушлик форматида ўтган учрашувда президентлар қозоқ-венгер стратегик ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилишди. Қозоғистон Давлат раҳбари қардош халқлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан кейинги ўттиз йил ичида ишончга асосланган сиёсий мулоқот, мустаҳкам иқтисодий ҳамкорлик ва тиғиз маданий-гуманитар ришталар яратилганини таъкидлади. Томонлар, шу жумладан, савдо ва инвестициялар йўналишида алоқаларни кенгайтириш ниятида. Қосим-Жўмарт Тўқаев фикрича, энергетика, транспорт, логистика, металлургия, агросаноат катта истиқболларга эга. Венгрия Президенти таъкидлашича, икки давлат умумий тарихий илдизларга эга ва келажак сари бирга интилаяпти.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Давлат мажлиси раиси билан яна битта муҳим учрашувни ўтказди. Қозоғистон Президенти парламентлараро алоқаларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади ва Қозоғистон билан Венгриянинг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқалар фаоллашганини қутлади. Давлат раҳбари олий таълим соҳасидаги алоқалар кенгайиб бораётганини алоҳида кўрсатиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ласло Кёвер халқаро вазият ҳақида фикр алмашишди, венгер Парламенти биноси бўйлаб экскурсия қилишди.

Қозоғистон Президенти ва Бош вазир Виктор Орбан ўзаро ҳамкорликнинг асосий жиҳатларини кўриб чиқишди. Музокаралар давомида Қосим-Жўмарт Тўқаев Венгрия мамлакатимизнинг Европа Иттифоқидаги ишончли стратегик ҳамкори эканлигини таъкидлади. Ушбу ташрифдан асосий мақсад эса икки томонлама алоқаларга янги туртки беришТомонлар қатор муҳим келишувларга эришишди. Шу жумладан, Қозоғистон – Венгрия Инвестициявий жамғармаси тузилади. Томонлар жами 6 та ҳужжатни имзолашди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Мамлакатларимиз ўртасида товар айланмаси мунтазам ортяпти. Ўтган йили аввалги йилга нисбатан бу кўрсаткич 9 фоизга кўпайди. Биз уни 1 миллиард долларга етказиш ниятидамиз. Венгрияга умумий қиймати 700 миллион доллар бўлган 95 турдаги товарларни етказиб бера оламиз.

Музокаралар давомида энг муҳим савдо йўлларидан бири  Транскаспий Халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш имкониятлари ҳам кўрилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бугун KTZh Express (Қозоғистон темирйўллари экспресс), L.A.C. Holding (Эл Эй Си Холдинг) ва Xi'an Free Trade Port Construction and Operation (Сиань фри трейд порт констракшн энд корпорейшн) компаниялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бу ҳужжат мамлакатларимиз орасида савдо ва транспорт алоқаларини кенгайтириш, минтақада иқтисодий алоқаларни кучайтириш учун янги қадам бўлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев шунингдек халқаро тузилмалар доирасида икки давлат ҳамкорлигини таъкидлаб ўтди. Президент Венгрия Бош вазирининг Туркий давлатлар ташкилоти ва туркийлар интеграциясига қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида кўрсатди. Ўз навбатида, Виктор Орбан Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш учун қанчалик катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Қозоғистон Президентининг Венгрияга ташрифи якунларини чиқараркан, томонлар ўзаро алоқаларни кенгайтириш учун очилаётган янги имкониятларни тилга олишди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.