Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев қозоғистонликларни куни билан муборакбод этди. Бу байрам ҳар йили 16 декабрда нишонланади. 1991 йил айни шу куни Қозоғистон ССР Олий Кенгаши Мустақиллик ва давлат суверенитети тўғрисида қонун қабул қилган.
НУРСУЛТОН НАЗАРБОЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ:
- Ҳурматли қозоғистонликлар! Ватандошлар! Айнан менинг авлодим зиммасига мазкур вазифа – қозоқ миллати давлатчилигини қайта тиклаш шарафи насиб этганидан хурсандман. Янги давлатчиликнинг асослари кучли, мустақил, фаровон Қозоғистонни бунёд этиш учун пойдевор бўлди. Айнан менга мамлакатга қайта жон бериш ва уни оёққа қўйиш насиб этганидан фахрланаман. Биз тиканли йўлларни босиб ўтдик, бунга мукофот сифатида фаровон ва гуллаб-яшнаётган мамлакатда яшаш имкониятига эга бўлдик. Асосий эътибор тинчлик, барқарорлик ва бирлигимизга қаратилган. Шу йиллар давомида берган беқиёс ёрдамингиз ва юксак ишончингиз учун миннатдорчилик билдираман. Бугун биз тарихимизда мисли кўрилмаган даражада жипсмиз. Мамлакат тақдири учун масъулият, яратувчанлик қуввати ва она заминга муҳаббат бизни бирлаштириб турибди!
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам Қозоғистон халқига табрик билан мурожаат этди. Президент сўзларига кўра, бугунги кунда миллат ҳамжиҳатлиги ва ҳар бир фуқаронинг Мустақиллик қадриятларига беғараз хизмати бениҳоя муҳим. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш, кўптомонлама тузилмалар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таъсирини оширишга қаратилган ташқи сиёсий йўналишдан борамиз. Ўз миллий манфаатларимизни ҳимоя қиламиз ҳамда кўп қутбли замонамизда самарадорлигини исботлаган барқарор, узвий ва мувозанатли сиёсат юритишда давом этамиз. Шунингдек, Қосим-Жўмарт Тўқаев жорий йилда ўтказилаётган Мажлис ва барча даражалардаги маслаҳатлар депутатлари сайловлари фуқаролар фаоллиги ҳамда сиёсий етуклигини кўрсатишини таъкидлади.
ҚОСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:
- Ҳурматли қозоғистонликлар! Келгуси йил биз учун сарҳисоб санаси бўлади. У ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги сифатида нишонланади. Биз ҳалқимиз учун аҳамиятли мазкур йилни аниқ ишлар ва янги лойиҳалар билан ўтказамиз. Иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, экологиядаги улкан ҳажмдаги тизимли тадбирларни рўёбга чиқаришда давом этамиз. Аҳолининг барча табақалари, шу жумладан, ёшлар, аёллар, имконияти чекланган одамлар эҳтиёжларига эътибор берамиз. Биз мамлакатни сиёсий модернизациялаш жараёнини давом эттирамиз. Ҳозир ислоҳотлар янги пакети тайёрланяпти ва биз уни келгуси йил бошида эълон қиламиз. Бу эса «тингловчи давлат» барпо этиш, адолат ва тенг имкониятлар тамойилларига қаратилган демократик ўзгаришларга туртки беради.