Қозоғистон ЯИМ тузилмасида ишлов бериш саноати улуши 13 фоизни кўрсатди

Қозоғистон ЯИМ тузилмасида ишлов бериш саноати улуши 13 фоизни кўрсатди

Қозоғистонда ишлов бериш саноатининг ишлаб чиқариш ҳажми, 10 ой якунларига кўра, 24 триллион тенгедан ошди. У қарийб 6 фоизга ўсди. Бу ҳақда бугун Ҳукумат мажлисида сўз юритилди. Ўсиш драйверлари – металлургия, машинасозлик ва кимё соҳаси. Рақамлаштириш ривожланишнинг асосий омилларидан бирига айланмоқда. Бугунги кунда дижитал-технологияларни жорий этаётган корхоналар улуши 19 фоизга етган. Заводларда 3D-деталларни сканерлаш тизимлари, булутли ечимлар, компьютер нигоҳи ва катта маълумотларни қайта ишлаш усуллари қўлланмоқда. Қирқдан ортиқ маҳаллий корхоналарда саноат роботлари ўрнатилган. Бундан ташқари, йирик корхоналарда сунъий идрок қўлланган 41 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, саноатнинг Миллий рақамли экотизими шакллантирилмоқда, ер қаъридан фойдаланувчилар харидларини таҳлил қилиш учун Tizilim тизими ишлаб турибди, январь ойидан эса маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларининг Ягона реестри ишга тушади. 

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:  

- Бугунги кунда мамлакат ЯИМ тузилмасида сектор улуши тахминан 13 фоизни ташкил этади. Иқтисодиётни фаол диверсификация қилишни давом эттириш муҳим. Сўнгги йилларда кўп ишлар қилинди. Ишлов бериш саноатида ишлаб чиқариш ҳажми сўнгги 5 йилда қарийб учдан бирга ошди. Бизнинг мақсадимиз – 2030 йилга бориб, ЯИМда ишлов бериш саноатининг улушини 15 фоизга, 2035 йилга бориб эса 18-20 фоизга етказиш. 

Ўтган йилда мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти 23 миллиард доллардан ошди. Етакчилар орасида агросектор ҳам бор. Қозоғистон ташқи бозорларга ун, ёрмалар, ёғ, крахмал, биоэтанол етказиб беради. Қайта ишлаш нефть тармоғида ҳам ривожланмоқда. Қувватларни кенгайтириш ҳисобига 7 йил ичида бензин ва дизель ёқилғиси ҳажмини йилига 30 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган. Умуман, ишлов бериш саноатига инвестициялар ҳам ўсгани кўзга ташланмоқда. Улар ҳажми жорий йилнинг 10 ойида 1,7 триллион тенгени ташкил этди, бу ўтган йил шу даврига нисбатан учдан бирга кўп. Бу, аввало, Ягона саноатлаштириш харитаси доирасида янги корхоналар ишга туширилиши билан боғлиқ. 

Ерсайин Нағаспаев, Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири: 

- Инвестициялар ҳажмига амалга оширилган саноат лойиҳалари ҳисса қўшмоқда. Йил охиригача бир ярим триллион тенгелик 190 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Бугунги кунда 147 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 18 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди. Улар орасида Хитойнинг Chery, Changan, Haval ва Tank брендларига доир енгил автомобиллар, юк вагонлари, насос-компрессор қувурлари ва насос штанглари, озиқ-овқат саноати учун алюминий қадоқлар, маиший техника ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳалар мавжуд. 

Абдумалик Сарманов таржимаси