Президент Ҳукуматлар раҳбарлари билан учрашди

Президент Ҳукуматлар раҳбарлари билан учрашди

Бугун президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Астанада Россия, Беларусь ва Қирғизистон ҳукумат раҳбарлари билан учрашди. Уларга халқаро саноат кўргазмасини қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорчилик билдирди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, «Иннопром. Қозоғистон» Иттифоққа аъзо давлатларнинг яқин савдо-иқтисодий кооперациясининг яна бир тасдиғи бўлди. Президент ташқи савдо ҳажмининг ўсиши саноат, энергетика,  машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма корхоналар ва йирик лойиҳаларнинг кўпайишида намоён бўлаётганини айтиб ўтди. Биринчи яримйилликда товар айланмаси 13 фоизни ташкил этган. Қосим-Жўмарт Тўқаев ЕОИИ давлатлари ҳамкорликни мустаҳкамлашда йирик захирага эга эканлигини уқтирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Қозоғистон ҳақида айтсак, биз келгусида ҳам Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи доирасида интеграцияни ривожлантириш мақсадига мутлақо содиқмиз. Мазкур Иттифоқни ўта истиқболли интеграциявий ташкилот деб ҳисоблаймиз. Иттифоқ иқтисодий салоҳиятида улкан имкониятлар яширин. Қозоғистон томони фикрича, ЕОИИга аъзо барча давлатлар  шу ерда 2015 йилда имзоланган Шартномага қатъий амал қилиши лозим, иқтисодий интеграция, савдони ривожлантириш, ўзаро товар алмашинув учун мамлакатлар бозорини очиш масалалари билан шуғулланиши даркор.

Қосим-Жўмарт Тўқаев фикрича, савдо-иқтисодий кооперациянинг самарадорлиги транспорт салоҳияти очилиши билан чамбарчас боғлиқ. Бунинг учун Эронга, Форс кўрфази ва Ҳиндистонга олиб чиқувчи «Шимол-Жануб» йўлаги, «Қозоғистон-Туркманистон-Эрон» темир йўли, «Ғарбий Европа-Ғарбий Хитой» йўналиши имкониятларини мунтазам ўстириб бориш керак. Президент Транскаспий халқаро  транспорт йўлагига алоҳида эътибор қаратди.

 

Хуршида Абдуллаева таржимаси.