Коинотни забт этган юртдошимиз, очиқ космосга чиққан биринчи қозоқ. Қозоғистон халқ қаҳрамони, Россия қаҳрамони. Мамлакатимиз космонавтикаси афсонаси Талғат Мусабаев 70 ёшга тўлди! 1994 йил 1 июлда «Бойқўнғир»дан «Союз ТМ-19» космик кемаси парвоз қилди. Унинг бортида икки одам – командир Юрий Маленченко ва борт-муҳандис Талғат Мусабаев бўлган. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳар бири учун бу биринчи парвоз эди.
Талғат Мусабаев очиқ космосга уч марта чиққан. Вазнсизлик ҳолатида у салкам бир йил, аниқроғи – 341 кеча-кундуз ва 9 соат, 46 дақиқа бўлди. Уч сафар ҳам орбитадан она заминга қайтиб келганида, Ерда Қозоғистон Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев шахсан кутиб олган.
Талғат Мусабаев туфайли электр қувватидан узилиб қолган «МИР» орбита станцияси қутқарилди, космонавт сафдошлари ва дўстлари айтишича, айнан у Қозоғистонда космик амалий тадқиқот ва синовларни ривожлантиришни бошлаб берди, бу соҳа ривожига катта ҳисса қўшди.
ЕРҒАЗИ НУРҒАЛИЕВ, «ҚОЗОҒИСТОН КОСМИК ПАРВОЗЛАР» МИЛЛИЙ КОМПАНИЯСИ» ҲЖ» РАИСИ МАСЛАҲАТЧИСИ:
- Айнан шу инсон туфайли биз Қозоғистонда космик фаолият доирасида муваффақиятларга эришдик. Унинг билими, тажрибаси туфайли вазифаларни адо этишда стратегик йўналиш ҳамда тактик ёндашувларни аниқлаб олишни уддаладик. Талғат Амангелдиевични юбилей билан табриклашга ижозат берсангиз!
Ерғази Нурғалиевнинг рафиқаси Сара Кабиевна фикрича, мамлакат ўз қаҳрамонларини таниши лозим. У Талғат Мусабаевнинг ватан олдидаги хизматларини яхши билади. Сара Нурғалиева ҳаётини етарлича нодир жанр – космик журналистикага бағишлаган, мавзуга оид мингдан зиёд материал ва бестселлерга айланган ўнлаб китоблар ёзган.
САРА НУРҒАЛИЕВА, «РЕСПУБЛИКА КОСМИК АЛОҚА МАРКАЗИ» ҲЖ МАТБУОТ КОТИБИ:
- Ишимнинг натижаларидан бири сифатида китобимни кўрсата оламан, «Тенглик белгиси» деб аталади. Асар Талғат Мусабаев парвозлари ҳақидагина эмас, Бойқўнғир тақдири, Қозоғистон космик соҳасини яратишда Қозоғистон Биринчи Президенти хизматлари ҳақида ҳам ҳикоя қилади. Бу йил яна битта китобим нашрдан чиқди. Катта бир китоб. «Талғат Мусабаевнинг очиқ самоси», деб аталади. Ҳозирча у нашриётда, қўлимдаги дастлабки нусха, тез орада унинг тақдимоти ўтказилади ҳамда юбилярга топширилади.
Ярим аср аввал Қозоғистон заминидан инсоният космосга, юлдузлар сари илк қадамини қўйди. Мутахассислар фикрича, мамлакатимиз бугунги кунгача глобал космонавтикани, иқтисодиётнинг барча соҳаларини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
МЕЙРБЕК МЎЛДАБЕКОВ, ТЕХНИКА ФАНЛАРИ ДОКТОРИ, ПРОФЕССОР, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ АКАДЕМИЯСИ АКАДЕМИГИ:
- Космик тизимлар, уларнинг хизматларидан фойдаланиш бугунги саноат, иқтисодиётнинг ривожланишида тренд йўналишлардан биридир. Рақамлаштириш даврида иқтисодиётнинг глобал характерга эга ечимларини топишдаги энг замонавий воситалар шу соҳада.