Президент Туркий давлатлар ташкилоти XII саммитида

Президент Туркий давлатлар ташкилоти XII саммитида

Рақамлаштириш, энергетика, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, шунингдек, маданий-гуманитар алоқалар. Қозоғистон Президенти Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган ташкилотнинг ўн иккинчи саммитида Ташкилот давлатлари ўртасида ҳамкорликни кучайтиришнинг асосий йўналишларини тилга олди. Энг муҳими, аҳиллик билан иш тутиш, халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб бораётган Ташкилот салоҳиятини ошириш. Бунинг учун Қозоғистон «Туркий давлатлар ташкилоти+» форматини яратиш ғоясини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт Тўқаев Туркий инвестициявий жамғарма каби йирик лойиҳалар имкониятларидан фойдаланиш зарур, деб ҳисоблайди. Давлат раҳбари жамғарма молиялаштирадиган лойиҳалар рўйхатини тузиш таклифи билан чиқди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Саноат соҳасидаги ҳамкорлик иқтисодиётларни диверсификациялашда муҳим ўрин тутади. Бу борада Туркий давлатлар савдо-саноат палаталари катта мавқега эга бўлиши мумкин, деб ўйлайман. 2026 йилда Қозоғистон ушбу бирлашмада раҳбарлик қилади. Шу муносабат билан аниқ устувор лойиҳалар белгилаб берилган Саноат кооперацияси дастурини қабул қилишни таклиф этаман.

Транскаспий Халқаро транспорт йўналиши Ташкилот давлатларига катта имкониятлар беради. Сўнгги беш йил давомида йўлак орқали юк ташув ҳажми 6 марта ошди. Давлат раҳбари туркий мамлакатларни ушбу йўлакдаги авиахаблар, темирйўл станциялари ва денгиз портларини модернизация қилишда қатнашишга чақирди. Бундан ташқари, Рақамли мониторинг марказини яратиш мумкин. Кучларни бирлаштириш зарур бўлган яна бир соҳа — Сунъий идрок, дейди ишонч билан Қозоғистон Президенти.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Яқинда Астанада Alem.AI Сунъий идрок халқаро маркази очилди. Унинг базасида Туркий давлатлар ташкилотининг стартапларни қўллаб-қувватлайдиган, қўшма лойиҳаларни ривожлантирадиган, СИ ва венчур капитали борасида тажриба алмашишни таъминловчи Рақамли инновациялар маркази очишни таклиф қиламан. Шунингдек, рақамлаштириш ва СИ салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун келаси йили Қозоғистонда ўтказиладиган ташкилотнинг норасмий саммити мавзусини «Сунъий идрок ва рақамли тараққиёт» деб белгилашни таклиф этаман.

Туркий давлатлар иқтисодиётининг асоси, ҳамкорликнинг муҳим элементини энергетика ташкил қилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзаро алоқаларда ТЭМга алоҳида эътибор бериш кераклигини билдирди ва Ташкилот доирасида Энергия самарадорлиги бўйича илғор тажриба кенгаши тузишни таклиф этди. Саммитда экология ва сув тақчиллиги масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Қозоғистон Президенти туркий давлатларни кучларни бирлаштиришга, Каспийдаги вазиятни яхшилашга қаратилган қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишга чақирди. Шунингдек, ирригация тизимлари ва сув омборларидан самарали фойдаланиш бўйича рақамли назорат дастурини тайёрлаш лозим. Саммитда Габала декларацияси қабул қилинди.

Абдумалик Сарманов таржимаси