Президент Шимолий Қозоғистонга ташриф буюрди

Президент Шимолий Қозоғистонга ташриф буюрди

Амалий сафар билан Шимолий Қозоғистон вилоятида бўлган Давлат раҳбари фермерлар меҳнатини юқори баҳолади. Ҳозир минтақада экин-тикин кампанияси давом этяпти.  Жорий йилда вилоятда 4 ярим миллион гектар ерга уруғ қадалади. Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида экин майдонлари диверсификация қилинади. Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда минтақада гречиха экиш 3 марта, сабзавот етиштириш икки марта ортди. Қосим-Жўмарт Тўқаев сут-товар фермаси ходимлари билан ҳам учрашди. Президент таъкидлашича, Шимолий Қозоғистон вилоятида чорвачиликни ривожлантириш учун барча имконият бор.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

Биз бундай ишлаб чиқаришларни, албатта, қўллаб-қувватлаймиз. Ижтимоий-тадбиркорлик корпорациялари орқали имтиёзли кредитлаш ўзини оқлайди. Молиялаш масаласида муаммо бўлмаслиги керак. Мамлакатда тегишли иш ташкил қилиниши, сут олиниши керак. Биз бутун мамлакатни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлашимиз зарур.

Президент вилоят қишлоқ хўжалиги ходимлари билан учрашувда Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ҳақида ҳам сўз юритди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи, 2015 йилдаги шартномада кўрсатилган вазифаларини бажаради. Яқинда Беларусь Республикаси Президенти Александр Григорьевич Лукашенко Қозоғистонга Иттифоққа киришни таклиф этди. Мен унинг ҳазилини тушундим. Лекин бунинг зарурати йўқ, деб ўйлайман, чунки бошқа интеграция бирлашмалари, аввало, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи мавжуд. Ядро қуролига келганда, у бизга керак эмас. Чунки биз Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисида шартнома ва Ядро қуроли синовларини тақиқлаш ҳақида шартнома имзолаганмиз. Биз ушбу халқаро ҳужжатлар доирасида зиммамизга олган мажбуриятларни бажарамиз. 

Абдумалик Сарманов таржимаси