Президент сайловининг ўтиши борасида халқаро кузатувчилар фикри

Президент сайловининг ўтиши борасида халқаро кузатувчилар фикри

 Ҳозирги Президент сайлови – Қозоғистон учун муҳим тарихий палла. Халқаро кузатувчилар шундай фикрда. Кун мобайнида улар бутун мамлакат бўйлаб сайлов  участкаларида бўлишди, сайлов жараёни шаффофлигини кузатишди. Ҳамкасбимиз Айгерим Акимжанова турли халқаро ташкилотлар вакилларидан ушбу сиёсий воқеанинг ўтказилиши борасида қандай фикрда эканлигини сўради.

Айгерим Акимжанова, мухбир: 

- Пойтахтдаги Халқаро кузатувчиларга кўмаклашиш маркази эрта тонгдан иш бошлаган, бу ерда халқаро кузатувчилар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинглар ташкил этилмоқда. Халқаро кузатувчилардан иборат спикерлар Қозоғистонда     президент сайловларининг ўтиши борасидаги қарашлари билан ўртоқлашяти. Айтиш керак, дунё давлатларидан келган  641 нафар мутахассис кузатиб боряпти, улар халқаро ташкилотлар ва 35 давлат вакилларидир.  

Италиядан келган халқаро кузатувчи Тиберио Грациани Марказий Сайлов Комиссияси амалга оширган тайёргарлик ишларини ва ёшларнинг сайловда фаоллигини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, астаналиклар сайлов участкаларига ўз фуқаролик позициясини ифода этиш учун эрта тонгдан кела бошлаган.

Тиберио Грациани, Халқаро кузатувчи /Италия/:

- Мен қонун бузилиш ҳолларини кўрмадим. Бугун катта ёшлилар билан бирга ёшлар ҳам кўп бўлди. Шуни айтишни истардимки, куннинг илк ярмида келувчилар фоизи кам эмасди, жойларда 15 фоиздан 30  фоизгача. Айрим ёшлардан тадбир қандай ўтаётганини сўрадим, улар бу ўзларига манзурлигини айтди. Қозоғистондаги сайлов  Италиядагидан нимаси билан фарқ қилади? Бу ерда тадбир қозоғистонликлар учун байрам, одамлар рақс тушади, табассум билан кириб-чиқади, бир-бирини табриклайди.

Ахмед Сарир Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакили. Хорижлик меҳмон Қозоғистонда тўртинчи бор бўлиши, иккинчи марта шундай йирик тадбирда халқаро кузатувчи сифатида қатнашмоқда.

Ахмед Сарир, халқарро кузатувчи /ИҲТ/:

- Биз Қозоғистонда жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган референдум ва сайловларни кузатиб бордик, шунингдек, 2019 йилда бўлиб ўтган  президент сайловида қатнашдик. Шунга амин бўлдикки, Қозоғистонда сайловлар доимо яхши ташкил этилган ҳолда, тинч ва қонунга биноан ўтказилади. Мен уч кун аввал Сайлов   комиссияси аъзолари  билан учрашганман, ўшандаёқ юртингизда бу тадбир кўнгилдагидек ва адолатли ўтишига ишонч билдирганман.  

Кузатувчилар бугун тунда ва эртага кун бўйи иш олиб боради.  Улар овозларни санаш шаффоф ва адолатли бўлишини кузатиб бориши керак. Эрталабдан халқаро ташкилотлар аъзолари ва давлатлардан келган вакиллар  брифингда иштирок этиб, дастлабки овоз бериш натижалари борасида сўз юритади ва якуний натижани эълон қилади.  

Абдумалик Сарманов таржимаси