Президент номидан Паралимпиада совриндорлари мукофотланди

Астанада Паралимпиада совриндорлари мукофотланди. Спорт соҳасидаги юксак ютуқлари учун мамлакат Президенти номидан Бош вазир уларга давлат мукофотларини топширди.  Ўлжас Бектенов атлетларни ўта юқори натижалар билан қутлади ва Қозоғистон Паралимпиада терма жамоаси рекорд натижага эришгани, 2 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза, жами 9 та медаль олганини таъкидлади.  Давлат раҳбари Фармонига мувофиқ икки марта пара пауэрлифтинг чемпиони бўлган Давид Дегтярев I даражали «Барс» ордени билан мукофотланди. Пара дзюдо бўйича биринчи олтин медаль олган Ақмарал Науатбек III даражали «Барс» орденига ноил бўлди. Кумуш медаль олган мерган Еркин Ғаббасов, сузувчи Нурдаулет Жумағали ва дзюдочи Ерғали Шамей «Парасат» орденига лойиқ кўрилди. Бронза медали совриндорлари Дастан Муқашбеков, Зарина Райфова, Даяна Федосова ва Журқамирза Шукурбеков «Қурмет» орденини олди.   Миллий терма жамоа бош тренерлари ва спортчиларнинг шахсий тренерларига ҳам мукофотлар берилди.

Давид Дегтярев, икки марта Паралимпиада ўйинлари чемпиони:

– Париждаги Параолимпиада ўйинларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиш фахрли бурчимиз эди. Параолимпиада медалини олиш учун биз мунтазам шуғулландик, тренерлар эса бор малака ва тажрибасини тақдим этди. Мен икки карра Паралимпиада чемпиони бўла олганим билан, Қозоғистоннинг халқаро майдонда обрў-эътибори ошишига хизмат қилганим билан фахрланаман. Янги ғалабаларга эришиш учун олдинда кўплаб машқлар турибди.   

Ақмарал Науатбек, Паралимпиада чемпиони:

– Давлат раҳбари номидан III даражали «Барс» орденига ноил бўлганимдан мамнунман ва миннатдорман. Паралимпиада ўйинларида дунёнинг энг кучли спортчилари билан беллашиб, Ватанимизга биз пара-дзюдодан олтин медаль билан қайтдик. Давлат томонидан пара спортга катта эътибор берилаётганидан хурсандмиз. Муваффақиятимиз алоҳида эҳтиёжларга эга одамларни руҳлантираётганидан қувондик. Ортимиздан бошқа чемпионлар чиқишига, Қозоғистонни дунё саҳнасида улуғлашига умид қиламан. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.