«Инвестиция эвазига тариф». Давлат раҳбари ўз Мактубида янги сиёсатга ўтиш заруриятини кўрсатиб ўтган. Акс ҳолда, иссиқлик ва электр энергияси нархларининг сунъий чекланиши электр токи узилиши ва ҳалокатларга олиб келиши мумкин. Ўз навбатида, янги тариф сиёсати монополиялар учун фойдани чеклаш ва инфратузилмага инвестицияларни таъминлаш зарурати ўртасидаги мувозанатни юзага келтиради. Осиё Тараққиёт Банкининг Қозоғистондаги вакиллари ҳам бу ёндашувни қўллаб-қувватлайди. Уларнинг республикадаги кўплаб лойиҳалари коммунал соҳани ривожлантиришга йўналтирилган.
Нариман Маннапбеков, осиё тараққиёт банкининг Қозоғистондаги офиси раҳбари:
- Ўз Мактубида Давлат раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатдаги иссиқлик коммуникацияларининг 57 фоизи эскирган ва янги тариф сиёсатига ўтиш зарур. Бизнинг фикримизча, иссиқлик таъминотидаги вазиятни яхшилаш учун биринчи навбатда инфратузилмага, жумладан, хусусийларига инвестиция йўллаш учун шароит яратадиган мавжуд меъёрий-ҳуқуқий базага ўзгартиш киритиш зарур. Ҳал қилувчи омиллардан бири ўзаро субсидиялашни босқичма-босқич бекор қилишдир. Фақат тарифларни ошириш билангина бу муаммони ечиш мумкин эмас. Табиий монополия субъектлари сифатидаги иссиқлик таъминоти ташкилотлари учун амалдаги тариф регламенти, афсуски, барқарор фаолият юритиш имкониятини бермаяпти.
Шу тариқа, дейди экспертлар, республикада тарифларнинг бозор баҳосини белгилаш тармоқ ва қувватлар эскиришини камайтиришга эришиш имконини беради.
Нариман Маннапбеков, осиё тараққиёт банкининг Қозоғистондаги офиси раҳбари:
- 2020 йилдан бери Энергетика вазирлиги ОТБ билан биргаликда иссиқлик таъминоти ҳақидаги янги қонунни ҳамда у билан боғлиқ бир қатор қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқмоқда. Лойиҳа секторни бошқаришнинг янги моделларини жорий этишни кўзда тутади. Сектор учун жавобгарлик аниқ тақсимланади, махсус ишлаб чиқилган тариф методологияси эса компаниялар иқтисодий асосланган сарфини қоплашига замин яратади. Бу, шунингдек, йўқотишларни камайтиради, қозонхона ва иссиқлик-энергия марказлари ишончли, самарадор бўлишини оширишга олиб келади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.