Қозоғистон ва Озарбайжон ўзаро савдоси 1 миллиард долларга етади

Қозоғистон ва Озарбайжон ўзаро савдоси 1 миллиард долларга етади

Мамлакат Бош вазири Алихан Смаиловнинг Бокуга расмий сафари давомида шундай баёнот берилди. Бунинг учун имкониятлар етарли. Ўтган йилнинг ўзида икки давлат ўртасида савдо айланмаси 40 фоизга ошди ва 460 миллион долларни ташкил қилди, 2023 йилнинг 4 ойи давомида эса бу кўрсаткич 185 миллион доллардан ошди. Қозоғистон Ҳукумати раҳбари ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев учрашувида  ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласи кўрилди. Шу жумладан, транспорт-логистика, савдо, энергетика, аграр сектор, IT ва саноат кооперацияси соҳалари, ҳамкорлик ҳақида гапирилди. Алихан Смаилов таъкидлашича, Озарбайжон  — Қозоғистоннинг Жанубий Кавказдаги энг муҳим ҳамкори, икки республиканинг ўзаро алоқалари ишонч ва ўзаро тушунишга асосланган стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчиликнинг ёрқин намунаси бўла олади. Ўз навбатида Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев Қозоғистон Бош вазирининг ташрифи мамлакатлар ўртасида дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Абдумалик Сарманов таржимаси