«Оддий буюмлар иқтисодиёти» ва «Бизнес йўл харитаси» давлат дастурлари давом эттирилади. Президент Мактубида кўрсатилган асосий топшириқлардан бири шу. Экспертлар фикрича, бу топшириқ бўҳронга қарши жуда тўғри жавоб, у кичик ва ўрта бизнесга ёрдам беради.
Адил Қусманов, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни таҳлил ва мониторинг қилиш маркази маслаҳатчиси:
- Бу дастурлар аҳоли фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатади. Бизнес, бозор субъектлари фаолиятида ўз аксини топади. Тадбиркорга ёрдам, дейиш мумкин. Шунинг учун кичик ва ўрта бизнесга оид ҳамма нарса ҳамиша ҳукумат ва президент эътиборида бўлган, деб айта оламиз.
Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз мактубида тилга олган яна бир долзарб масала – фан соҳаси. Муҳим ҳужжатда у соҳани ривожлантиришнинг аниқ механизмларини кўрсатиб ўтди. Шулардан бири – фундаментал тадқиқот ўтказаётган таълим даргоҳлари учун грант ажратиш. Эксперт фикрича, олимлар кўп йиллардан буён бу муаммо ечимини ахтараётганди.
Алуа Жолдибалина, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари:
- Фанда атиги 3 йил ичида тадқиқотни ниҳоясига етказиш осон эмас. Айниқса, математика, физика, кимё каби соҳаларда. Чунки бу иш анча кўп вақт талаб қилади. Шунинг учун муддатни 5 йилгача узайтириш таклиф қилинди. Бу эса узоқ муддатли фундаментал ишларни юзага чиқаришга имкон беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси