Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қизилўрда вилоятида

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қизилўрда вилоятида

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қизилўрда вилоятига амалий ташрифи Сирдарё туманидаги қишлоқдан бошланди. Президент марказий майдон ва спорт мажмуасини томоша қилди. Улар маҳаллий корхона ёрдамида бунёд этилган. У минтақанинг етакчи қишлоқ хўжалик тузилмалари қаторига киради. Спорт мажмуасида аҳоли футбол, волейбол, стол тенниси ва кураш билан шуғулланиши мумкин. Давлат раҳбари ёшлар билан мулоқот қилди. Давлатнинг эртанги куни уларнинг соғ-саломат улғайишига боғлиқлигини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, Қизилўрда вилоятининг ривожланиши улкан аҳамиятга эга. Бугунги мураккаб даврда Қозоғистоннинг муваффақиятга эриша олиши эса мамлакатдаги бирдамлик ва меҳнатсеварликка боғлиқ. Аҳоли аграр соҳага кўрсатилаётган алоҳида эътибор учун Қосим-Жўмарт Тўқаевга миннатдорчилик билдирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
Қишлоқда ёшлар яшаши ва ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Бундай қишлоқлар кўпроқ бўлишига эришиш зарур. Бунинг учун бизда куч ва салоҳият етарли. Тадбиркорлар билан учрашувларда қишлоқларга маблағ киритишга, уларнинг ривожланишига ёрдам беришга чақираман. Нағи Ильясов номли қишлоқ бошқалар учун намуна бўлишга лойиқ.  Бошқа вилоятларда ҳам қишлоқларни ривожлантиришга эътибор қаратилади, деб ўйлайман.

Шунингдек, Президент Қизилўрда вилоятининг бошқа диққатга сазовор объектлари билан танишди. Шу жумладан, «Қўрқит ота» аэропортининг янги терминалини кўрди. У келгуси йилда фойдаланишга топширилади. Ҳаво дарвозаси соатига 250 одамга хизмат кўрсатади. Натижада, авирейслар сонини орттириш, йўналишларни кенгайтириш имконияти туғилади. Лойиҳа қиймати 20 миллиард тенге, унинг кўп қисмини ҳомийлар маблағи ташкил қилади. Президентга Қизилўрда – Жезқазған йўли қурилиши, Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой трассасининг Қизилўрдадан Ақтўбе вилояти чегарасигача бўлган қисмида тўрт чизиқли йўл лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланаётгани тўғрисида маълумот берилди. Сўнгра Давлат раҳбарига янги иссиқлик электр маркази лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа 2025 йил охиригача фойдаланишга топширилади. Давлат раҳбари таъкидлашича, янги иншоот мамлакат энергия хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.