«Террорчилар мамлакатда барқарорликни издан чиқариш учун вазиятни кескинлаштиришга ва халқни қўрқитишга уринди». Қосим-Жўмарт Тўқаев яқинда берган интервьюсида фожиавий январь воқеаларининг сабаб ва оқибатлари ҳақида тўхталди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, хулоса чиқаришга ҳали эрта. Нима юз бергани юзасидан синчиклаб таҳлил ўтказиш, баҳолаш лозим, халқдан ҳеч нарса пинҳон тутилмайди. У ЖХШТдан кўмак сўраш борасидаги қароридан афсусланмаслигини яна бир бор билдирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мен ўз қароримдан пушаймон эмасман. Бу афсус чекадиган нарса эмас. Аксинча, тўғри қарор бўлган, деб ўйлайман. Қуролланган тўдалар Алматини деярли вайрон қилди, бошқа шаҳарларга чинакам хавф солди. Тинчлик ўрнатиш кучлари бўлмаганида, бошқа ерларга ҳам борарди. Талдиқўрғанда, Тароз, Чимкент ва Қизил Ўрдада қуролли тўқнашувлар бўлди. Пойтахтга ҳужум тайёрлангани кузатилди. Улар Ақўрадага ҳужум қилишга тайёр эди. Айрим экспертлар айтишича, террорчилар Қозоғистондаги икки асосий шаҳарни эгаллашни режа қилган. Бу режа Сурия сценарийсига ўхшаш, у ерда террорчилар икки шаҳар - Дамашқ ва Раққани эгаллаган. ЖХШТ қўшинлари юртимиз ҳудудида бирорта ҳам ўқ отмади. Улар фақат асосий стратегик объектларни ҳимоя қилди.
Давлат раҳбари таъкидлаб ўтганидек, Янги Қозоғистонни шакллантириш учун давлат хизматчилари олдига юқори талаблар қўйилади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ҳар қандай одам ҳам дарров вазир ёки ҳоким бўла олмайди. Вақт, тажриба кераклиги тушунарли. Бундай вазифаларга маълумотли, малакатли, виждонли фуқаролар тайинланиши керак. Айни пайтда, аввалги ҳамма мутахассисларни ишдан бўшатиш ҳам нотўғри бўларди. Бизга «сиёсий тозалаш» керак эмас. Давлат бошқаруви соҳасига аста-секин янги одамлар келади. Бу табиий жараён ва аллақачон бошланган. Бироқ доимо ёдда тутиш лозимки, давлат хизмати – тажрибалар майдончаси эмас! Шу боис, мазкур иш аста-секин амалга оширилади.
Басима Сарманова таржимаси