Аэропорт майдонида Хитой байроғи рангида йўлаклар тўшалди. Фахрий қоровул саф тортди. Ақўрда Хитой Халқ республикаси раисини шундай кутиб олди. Си Цзиньпин кортежини Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев шахсан қарши олди. Тантанали маросимдан кейин давлат раҳбарлари тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказишди. Президент барча йўналишларда Қозоғистон – Хитой ҳамкорлиги фаол ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Икки давлат орасидаги алоқалар барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишга, халқларимизнинг фаровонлигини оширишга катта таъсирини кўрсатяпти. Ўтган йили ўзаро товар айланмаси 41 миллиард доллардан ошди. Бу – рекорд кўрсаткич. Ҳозир 45 та қўшма инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқариляпти. Уларнинг умумий қиймати 14,5 миллиард долларга тенг. Лойиҳалар саноат, энергетика, транспорт-транзит, яшил иқтисод, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга оид. Икки мамлакатнинг маданий-гуманитар алоқалари жонланиб боряпти. Муҳтарам олий мартабали раис жаноблари, бу муваффақиятларнинг барчасига сизнинг ёрдамингизда эришилганини очиқ айтишни истардим.
Ўз навбатида Хитой раиси Қозоғистоннинг фаол ривожланаётганига яна бир марта гувоҳ бўлганини таъкидлади, Қосим-Жўмарт Тўқаев раҳбарлигида қозоқ халқи янада қувватли ва ривожланган Янги Қозоғистон барпо этишига ишонч билдирди.
Си Цзиньпин, ХХР раиси:
– Азалий Ипак йўли ёнида илдиз ёйган мамлакатларимиз минг йиллар давомида ўзаро алоқада бўлган. Дипломатик муносабатлар ўрнатилган сўнгги 32 йил ичида ўзаро аҳиллигимиз туфайли алоқаларимиз абадий ва ҳар томонлама стратегик асосда мисли кўрилмаган шерикчилик даражасига кўтарилди. Бунга дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик туфайли эришилди. Халқаро вазият қанчалик мураккаблашган тақдирда ҳам дўстликни сақлаб қолишга интилишимизни, кўп қиррали ҳамкорликни, асосий мақсадларда бир-биримизни ўзаро қўллаб-қувватлашимиз ҳамда миллий миллий ривожланиш истиқболларига ишончимиз ўзгармаслигини таъкидлашни истайман.
Шу билан бирга Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Си Цзиньпин қатор иншоотларнинг тантанали очилишида ҳамда Транскаспий Халқаро транспорт йўлаги бўйлаб юклар ва темирйўл контейнерларини жўнатиш маросимида телекўприк шаклида қатнашди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.