Бугунги референдумда хориждаги юртдошларимиз ҳам овоз
бера олади. 59 давлатда 74 та участка
очилган. Айни вақтда, Эрон, Ливан ва Исроилдаги Қозоғистон элчихоналарида
очилган овоз бериш пунктлари ишини тўхтатган. Марказий референдум комиссияси
Яқин Шарқда вазият кескинлашгани ҳамда фуқаролар хавфсизлиги хатар остида
бўлганини ҳисобга олиб шундай қарорга келди. Эслатамиз, республика
ташқарисидаги 12 ярим минг нафар юртдошимиз овоз бериш учун рўйхатга киритилган.
Алуа Надирқулова, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар
вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси:
- Исроилда 53 нафар, Эронда 132 нафар, Ливанда 43 нафар
қозоғистонлик референдумда овоз бериши лозим эди. Жами, 228 нафар юртдошимиз.
Ушбу мамлакатлардаги ватандошларимизга ўта зарур бўлмаган тақдирда яшаш жойини
тарк этмасликни, эҳтиёткорликни, янгиликларни кузатиб бориш, давлат органлари
кўрсатмаларини бажариш ва Ташқи ишлар вазирлиги билан алоқада бўлишни тавсия
этамиз.
Референдум куни вақтинчалик рўйхатдан ўтиш мумкин
Эслатамиз, Қозоғистонда 10 мингтадан зиёд участка ишлаб
турибди. Улар тонгги 7 да очилди. ҳарбий қисмлар, вахта посёлкаларида ташкил қилинган
84 та сайлов пунктида овоз бериш соат 6 да бошланди. 12
миллион 244 минг 683 фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. Агар кимдир яшаш жойида
рўйхатдан ўтмаган бўлса, Аҳолига хизмат кўрсатиш маркази ходимлари бу хизматни
кўрсатади.
Ростислав Коняшкин, Қозоғистон Республикаси Рақамли
тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири ўринбосари:
- Сайловчиларни тўсиқларсиз рўйхатдан ўтказиш учун рўйхатдан
ўтиш жойи сифатида сайлов участкаси кўрсатилади. Шунингдек, тегишли рўйхатга
олиш учун зарур бўлган барча ёзувлар яратилган, жараёнда қатнашувчи масъул
шахслар белгиланган.
Абдумалик Сарманов
таржимаси