Давлат раҳбари инфратузилмаларнинг ўзаро боғланиши муҳимлигига эътибор қаратди ва иқтисодий интеграция зарурлигини таъкидлади. Евроосиё Иқтисодий иттифоқи доирасида ҳам, халқаро даражада ҳам транспорт ва коммуникациялар, логистика соҳасида ҳамкорлик юритиш зарур.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ўтган йил воқеалари “Шимол-Жануб” транспорт йўлагининг “янги глобал логистика”да нақадар муҳим элемент эканлигини кўрсатди. Меридиан бўйлаб ўтувчи йўл кенгликда ястаниб турган «Транскаспий халқаро транспорт йўналиши» билан уйғунлашади. Шунинг учун биз ҳар иккала йўналишнинг ўзаро синергияси ва мувофиқлигини кўряпмиз. У фақат саноат, транспорт ва иқтисодни ривожлантириб қолмайди. Мазкур йўналишлар Евроосиёнинг улкан қисмида ўзаро кооперация жараёнларига йўл очиб беради. Бу шунчаки тасодифий сўзлар эмас, чунки бугунги кунда айнан транспорт логистикаси халқаро ҳамкорликнинг олдинги планига чиқяпти. Яъни, масаланинг туб мазмунига назар солсак, амалда халқаро бозорда транспорт йўналишлари, логистика ва бошқаларни назорат қилиш учун кураш давом этяпти. Улар турли давлатлар учун ҳам сердаромад бизнесга айланди. Евроосиё Иқтисодий иттифоқи бу йўналишда муҳим ижобий рол ўйнаши зарур, деб ҳисоблайман.
Ҳозир Евроосиё янги транспорт каркаси шаклланмоқда. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, бунда инфратузилмаларини қуришдан ташқари улар ишлаши учун шарт-шароитлар яратиш ҳам жуда муҳим. Шу жумладан, тармоқларни рақамлаштириш, божхона жараёнларини соддалаштириш, маъмурий юкламани камайтириш керак.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Умуман олганда Евроосиё Иқтисодий иттифоқи халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, танилиш, ва халқаро ҳамжамиятда обрў-эътиборини ошириши керак. Бу нуфуз, халқаро миқёсдаги эътироф ташкилот доирасида олиб борилаётган аниқ ишларимизга, муваффақиятларимизга асосланиши зарур. Хитой, Ҳиндистон, Вьетнам, Эрон, Миср, Исроил, Сербия ва бошқа ҳамкорлар билан олиб борилаётган қизғин фаолият Иттифоқнинг нақадар етуклиги, унинг савдо-иқтисодий жиҳатдан жозибалиги индикатори бўла олади. Ўтган йилдан бошлаб биз Индонезия ва Бирлашган Араб амирликлари билан эркин савдо тўғрисида музокаралар бошладик. Мен бу йўналишларни ўта муҳим деб ҳисоблайман ва Евроосиё комиссиясидан жадал ва масъулиятли фаолият юритишини кутаман.
Абдумалик Сарманов таржимаси