Чорвачилик рақамлаштириляпти

Чорвачилик рақамлаштириляпти

Қозоғистонда чорва молларининг аҳволини аниқловчи смарт ечим ишлаб чиқилди. Ҳукумат йиғилишида Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги соҳада қўлланиладиган рақамли ечимлар билан таништирди. Янгидан тайёрланган смарт-трекер тизими чорва молларини мониторинг қилади. Замонавий технология чорвачилик билан шуғулланадиган аграр компанияларга ёрдам беради. Унга молларнинг озиқланиши, жисмоний фаоллиги, тана ҳарорати ва ўсиш суръати каби жиҳатларини аниқловчи сенсорлар уланади. Шунингдек, ветеринария хизматини рақамлаштириш эса молия ташкилотлари ва давлат тузилмалари томонидан чорвачиликни  мақсадли молиялаштириш механизмини рақамли шаклга келтириш имконини беради. Бу тизим учта минтақада синовдан ўтяпти. Подалар ҳаракатини кузатиш ва бошқаришга қаратилган сенсорлар бугунги кунда Нидерландия, Дания ва Канадада фаол ишлаяпти. Жаслан Мадиевнинг фикрича, рақамли технологиялар самарадорлик ва биологик хавфсизликни ошириши аниқ.

Жаслан Мадиев, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:

- Рақамлаштиришнинг келгуси вазифаси: қадамба-қадам чорвачиликни ривожлантириб бориш. Унда молларга автомат шаклда озуқа бериш, сув билан таъминлаш, об-ҳавони кузатиб бориш киради. Бу технология самарадорликни 10-25 фоизга оширади. Нобуд бўлиш ҳолатлари эса 15 фоизгача қисқариши мумкин. Бундан ташқари, сунъий интеллектдан фойдаланилади. Натижада, молларнинг феълига яраша иш тутиш имкони туғилади. Яйловларни назорат қилиш учун дронлар ва сунъий ер йўлдошларидан фойдаланилади. Бу технологиялар углерод изини камайтиради.

Таъкидлаш лозимки, Қозоғистонда соҳани рақамлаштириш доирасида 2022 йилдан чорва моллари ҳисоби электрон форматга кўчирила бошлади. Ахборот тизимларини ўзида жамловчи Е-АПК майдончаси тайёрланяпти. Ҳар бир жониворга алоҳида рақам берилади. Барча маълумотлар ва ветеринария маълумотлари рўйхатга олинади. Фермерлар ва ветеринарлар электрон сервисдан фойдаланиши туфайли нохуш эҳтимолларни камаяди. Бугунги кунда чорвачилик ва ветеринария соҳаларидаги 100 тага яқин хизматнинг ярмидан кўпроғи онлайн тартибда кўрсатилади. Ўтган йили 5,9 миллионта хизматнинг 5,1 миллионтаси, ёки 86 фоизи масофадан тақдим этилди.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Соҳани рақамлаштириш чорва моллари ҳаётининг барча босқичлари шаффоф кўриниш касб этишига олиб келиши шарт. Жорий йилда ўтказилаётган Миллий қишлоқ хўжалиги саноғи натижалари рақамли майдончаларга интерацияланиши зарур. Қишлоқ хўжалиги ва Рақамли тараққиёт вазирликлари йил охиригача жониворлар ва чорва хўжалиги маҳсулотлари билан боғлиқ барча жараёнларни 100 фоиз рақамлаштиришга эришиш лозим. Шунингдек, жараёнларни мунтазам назорат қилиш тизимини жорий этиши, барча маълумотлар ягона рақамли майдончага интеграцияланиши зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси