Президент - Дунё ва анъанавий динлар етакчиларининг VIII Съездида

Президент - Дунё ва анъанавий динлар етакчиларининг VIII Съездида

Астана бугун жаҳон маънавий мулоқот марказига айланди. Ҳар хил конфессияларнинг нуфузли вакиллари Дунё ва анъанавий динлар етакчиларининг VIII Съездида қатнашиш учун сайёрамизнинг турли бурчакларидан Қозоғистонга келди. Тадбирда бутун тарихида энг кўп одам қатнашгани қайд этилди. Ўз нутқида мамлакат Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев бугунги кунда жаҳондаги вазият таранглик ортиб бораётгани билан характерланишини таъкидлади, яъни зиддиятлар, савдо урушлари кўпайиб бормоқда, қуролланиш пойгаси кетяпти. Бунга фақатгина очиқ ва конструктив мулоқот орқали қарши туриш мумкин. Бу борада диний етакчиларга катта умид юкланади, одамлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш уларга зиммасига тушган. Давлат раҳбари Қозоғистоннинг динлараро ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги устивор йўналишлари борасидаги қарашларини маълум қилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Илгарироқ мен томонимдан эълон қилинган Съезд шафелигидаги «Тинчлик сари ҳаракат» ғоясини муҳокама қилишни таклиф қиламан. Диний иерархлар зўравонликка чек қўйиш ва тинч йўл билан ечим излашга нейтрал, сиёсийлаштирилмаган чақириқ билан ушбу ҳаракатнинг маънавий асосига айланиши мумкин. Ҳаёт муқаддаслиги, меҳр-оқибат каби умуминсоний қадриятларга асосланган бу ташаббус нафақат диндорларнинг кенг оммасини, балки сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари, экспертларни ва, албатта, ёшларни ҳам бирлаштира олади.

Ядровий зиддият хавфи, шунингдек, экологик ҳалокатлар ҳам жаҳонда безовталик туғдирмоқда. Қосим-Жўмарт Тўқаев диний етакчиларнинг иқлим ўзгаришларига қарши курашишдаги роли тўғрисида қўшма ҳужжат ишлаб чиқишни таклиф қилди. Президент, шунингдек, янги технологиялар даври, сунъий идрокдан оммавий фойдаланиш ва улкан ахборотлар замонида ахлоқий меъёрларга амал қилиш масаласида ҳам фикр билдирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Мен сунъий интеллектни ривожлантириш этикаси бўйича Динлараро комиссия тузишни таклиф қиламан, у нейротармоқлар ва бошқа илғор технологиялардан масъулиятли фойдаланиш учун универсал тамойиллар тўпламини ишлаб чиқади. Бунда гап инсон қадр-қиммати ҳурмат қилиниши, камситишларга йўл қўйилмаслиги ва ҳал қилувчи характерга эга қарорлар устидан назоратни назарда тутувчи «алгоритм бўйича қоидалар» устида кетяпти.

Қолаверса, инсонпарварлик кўмагининг аҳамиятини ҳам унутмаслик керак, дея таъкидлади Қозоғистон Президенти. Муҳтожларга ёрдам кўрсатиш зарур. Мамлакатимиз ташаббуси билан тузилган Ислом Озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти шундай қилмоқда. Қосим-Жўмарт Тўқаев яна бир бора Қозоғистон намунасига эътиборни тортди. Мамлакатда 18 та конфессиянинг тўрт мингга яқин диний бирлашмаси ўзаро тинч-тотув яшаб келмоқда. Толерантликнинг Қозоғистон моделини самарали «кўпқиёфали бирдамлик» тамойили ташкил этади. Шу билан бирга, Қосим-Жўмарт Тўқаев форумнинг бир қатор иштирокчиларига динлараро мулоқотга қўшган ҳиссаси учун юртимизнинг давлат мукофотлари, Съезд фахрий медали, Яхши ният элчиси ва Астана халқаро мукофотини топширди.

Абдумалик Сарманов таржимаси