14-23 март кунлари Қозоғистонда Наврўзнома ўн кунлиги ўтказилади. Маданият ва ахборот вазирлиги берган маълумотга кўра, 14 мартда «Кўришув куни» нишонланади. 15 март – Ғамхўрлик куни. У хайрия, яхши қўшничиликка бағишланади. 16 мартда Қозоғистон аҳли Маданият ва миллий анъаналар кунини нишонлайди. У санъат, маданият ва миллий қадриятларни оммалаштиришга бағишланган. 17 март – Чанғароқ куни. Бу кунда оилавий қадриятларни намойиш этишга қаратилган маданий тадбирлар ташкил қилинади. 18 март – Миллий либослар куни. Тадбир Қозоғистоннинг барча минтақаларида миллий либосларни оммалаштиришга қаратилган. 19 март – Янгиланиш куни, унда анъанага кўра дарахтлар экилади. 20 март – Миллий спорткунида турли беллашувлар ва турнирлар ўтказилади. 21 март – Бирдамлик куни. Янги йил 22 мартда нишонланади. Ушбу кунда мамлакат минтақаларида этноовуллар тикилади, умуммиллий маданий-спорт тадбирлари, ярмаркалар ўтказилади. 23 март куни эса Қозоғистонда умуммиллий экологик акция ташкил қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.