Давлат уч йилда бу кўрсаткич бўйича 12 поғона юқорига кўтарилган. Барқарор тараққиёт мақсадлари рўёбга чиқарилишини мониторинг этиш бўйича Парламент комиссиясининг биринчи йиғилишида шундай маълумот берилди. Сенат раиси Маулен Ашимбаев Қозоғистон катта ишларни амалга оширгани, аммо мураккаб муаммолар мавжудлигини тилга олди.
Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси:
- Пандемиягача бўлган даврга нисбатан олсак, яхши кўрсаткич. Аммо кейинги йилларда вазият мураккаблашиб бораётганини айтиш зарур. Шу жумладан, сув захиралари камайиши, ижтимоий нотенглик кескинлашаётгани кузатилмоқда. Бошқа соҳаларда ҳам ечимини топмаётган муаммолар кам эмас. Шунинг учун белгиланган барқарор тараққиёт мақсадларига эришишимиз учун янги туртки кераклиги аниқ. Уларни рўёбга чиқаришдан биринчи навбатда Қозоғистон халқи манфаат кўриши керак.
Алібек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазири:
- Миллий лойиҳалар ва концепцияларга, ривожланиш дастурларига асосий кўрсаткичларнинг 60 фоиздан кўпроғи киритилган. Барқарорлик ва инклюзивлик тамойиллари республиканинг 2025 йилгача мўлжалланган Миллий ривожланиш режасида бор. Маҳаллий ҳокимият даражасида халқнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик аҳволини кўзда тутган миллий лойиҳаларни рўёбга чиқариш орқали стратегик мақсадларга эришилади.
Эслатамиз, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари 2015 йилда тасдиқланган. Ушбу ҳужжатни рўёбга чиқариш бўйича жаҳоннинг 200 га яқин давлати ўз зиммасига қатор мажбуриятлар олган. Халқаро ташкилот дастурида кўрсатилган 17 мақсад бутун дунёга оид муаммоларга бағишланган. Халқ саломатлиги ва фаровонлигини ошириш, жаҳондаги экологик хатарни бартараф қилиш мўлжалланган.
Абдумалик Сарманов таржимаси