Қозоғистон ва Сербия 10 та ҳужжатни имзолади

Қозоғистон  ва Сербия 10 та ҳужжатни имзолади

Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Белградга қилган расмий сафари доирасида Қозоғистон  ва Сербия 10 та ҳужжатни имзолади. Улар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган. Асосан устувор йўналишлар – космик фаолият, мудофаа-саноат мажмуаси, рақамли технологиялар, туризм, таълим билан боғлиқ. Олий даражадаги учрашувдан сўнг Қозоғистон ва Сербия етакчилари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашишди ҳамда мазкур ташрифнинг самарадорлиги ва стратегик аҳамиятини таъкидлашди.  Қосим-Жўмарт Тўқаев транспорт-логистика, «яшил» энергетика соҳаларида қўшма лойиҳалар рўёбга чиқарилишини тилга олди. Президент агросаноат мажмуасидаги ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Сербиянинг қишлоқ хўжалиши соҳасида тзплаган улкан тажрибасини ҳисобга олган ҳолда биз ўзаро фойдали алоқалар боғлаш ҳақида келишиб олдик. Ветеринария, генетик захираларни кенгайтириш, органик қишлоқ хўжалиги, ўсимликлар биотехнологиялари бўйича келишувларга эришилди. Аграр йўналишдаги таълим даргоҳлари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик муҳимлиги айтилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, Астана ва Белград ўртасида маданий-гуманитар алоқалар алоҳида аҳамиятга эга. У Қозоғистоннинг таълим, фан ва маданият соҳасида қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришга тайёрлигини кўрсатиб ўтди. Давлат раҳбарлари глобал ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича ҳам фикр билдиришди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистон ва Сербия халқаро ва минтақавий даражада тиғиз алоқалар ўрнатган. Биз кўплаб долзарб масалаларда ўхшаш мавқеда турибмиз. Бугунги мураккаб геосиёсий вазиятда кўптомонлама тузилмаларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигимизни яна бир марта тасдиқлаймиз.

Жорий йилда юз берган мисли кўрилмаган тошқинлар вақтида Сербиянинг берган ёрдами дўстлик ва ҳамдардлик намунаси бўла олади. Қосим-Жўмарт Тўқаев бунинг учун серб халқи ва шахсан Александр Вучичга миннатдорчилик билдирди. Томонлар келаси йил Сербия Президентининг Астанага ташрифи давомида навбатдаги мулоқотга киришиш ҳақида келишиб олишди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.