Президент «C5+Германия» учрашувида қатнашди

Президент «C5+Германия» учрашувида қатнашди

«C5+Германия» шаклидаги мулоқот ташаббуси давлатлар ўртасидаги ўзаро кооперацияга кучли туртки берилишига хизмат қилади. Қозоғистон президенти Марказий Осиё давлат бошлиқларининг Германия президенти билан учрашувида шуни таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев минтақа етакчилари биргаликдаги кучларни йўналтириши мумкин бўлган истиқболли соҳаларни кўрсатиб ўтди. Биринчи навбатда, мамлакатимиз раҳбари савдо-иқтисодий ҳамкорлик, янги транзит-транспорт йўлакларини, энергетика соҳасидаги кооперацияни равнақ топтириш масалаларига тўхталди. Шунингдек, иқлим ўзгаришлари ва Марказий Осиёдаги экологик вазиятга, қолаверса, сув муаммолари ва музликлар эриши масаласига эътибор қаратилди. Бу муаммоларни ҳал этишда минтақа учун Германия тажрибаси жуда муҳим, дея уқтирди Қозоғистон президенти. Давлат раҳбарлари учрашувида минтақа ва Европа Иттифоқи атрофидаги геосиёсий вазият билан боғлиқ масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Афғонистондаги ҳозирги вазият кўриб чиқилди. Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ўз чиқишида айтиб ўтганидек, Украина атрофидаги инқироз Европа, айни пайтда, Марказий Осиёда давлатлари хавфсизлигига жиддий таъсир қилади. Бунга жавобан Қосим-Жўмарт Тўқаев яна бир бора ҳар томонлама мақбул келувчи тинч ечимларни излашга қаратилган оқилона дипломатия зарурлигини уқтирди. Таъкидланганидек, томонлар чинакам музокараларга киришиши зарур. Қозоғистон президенти Марказий Осиё давлатлари ва Германия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш борасида фикр билдирди. Хусусан, у қўшма илмий-таълимий лойиҳалар, немис тилини ўрганиш бўйича дастурлар амалга оширилишини қўллаб-қувватлади.

 

Хуршида Абдуллаева таржимаси