Президент Ақмўлада йиғилиш ўтказди

Президент Ақмўлада йиғилиш ўтказди

Қишлоқ хўжалиги – алоҳида назоратда. Қозоғистон Президенти мамлакат аграр соҳа вакиллари билан учрашувда шунга диққат қаратди. Ушбу соҳа давлат учун истиқболли саналади. Бу ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги, ҳам экспорт салоҳиятини ўсиш имконияти. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, ўтган йили рекорд даражада ҳосил олинди, жорий йилдан ҳам кўп нарса кутилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари агротехнологияларни тўғри ишлатмоқда, давлат эса уларга тизимли ёрдам кўрсатяпти.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Агротехнологияларни қўллаш янада юксак даражага чиқди, ҳосилдорлик ошди. Олдинроқ мен томонимдан қишлоқ хўжалигида ялпи маҳсулот ҳажмини икки марта ошириш вазифаси қўйилганди. Ушбу йўналишда ишлар жадал кетяпти, суръатни пасайтирмаслик керак. Рентабелли, унумдорлиги юқори экинларга ажратилишига эътибор қаратган ҳолда, ер майдонларини диверсификация қилшини давом эттириш лозим.

Ҳосилни ўз вақтида йиғиб олишдан ташқари, уни сақлашга катта аҳамият қаратилиши даркор. Давлат раҳбари элеваторларни модернизация қилиш, шунингдек, бутун 2026 йилги экин-тикин кампанияси учун махсус имтиёзли молиялаштириш дастурини ишга тушириш кераклигини уқтирди. Чорвачилик ҳам четда қолмайди. Йил охирига қадар соҳани ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади. Унда узоқ муддатга давлат кўмаги олиш кўзда тутилади. Ва албатта, Қосим-Жўмарт Тўқаев қишлоқ хўжалигига рақамлаштиришни жорий этиш заруратига эътибор қаратди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Биз иқтисодиётнинг барча соҳаларида шаффофлик ва самарадорликни фақат тўлиқ рақамлаштириш ёрдамидагина таъминлай оламиз. Ўз Мактубимда бу борада батафсил тўхталиб ўтганман. Қишлоқ хўжалигига рақамли технологиялар жорий этилишини тезлаштириш керак. Ўсимликшунослик ва чорвачиликдаги жараёнларни тўлиқ кузатиб бориш учун рақамли ёндашувлардан фойдаланиш даркор. Бу ишда IТ-бизнес билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим.

Айни пайтда, қозоғистонлик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари тўпланган тажрибалари билан бўлишиши, илғор ечимларни муҳокама қилиши мумкин. Ноябрь ойида Астанада Иккинчи агрофорум бўлиб ўтади.

Абдумалик Сарманов таржимаси