Пойтахтимизда каллиграфия кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Пойтахтимизда каллиграфия кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Астанада Ислом каллиграфияси кўргазмаси очилди. 30 тадан зиёд экспонатдан иборат экспозиция каллиграфиянинг Марказий Осиё маданияти ва тарихидаги аҳамиятини намойиш қилади. Уларнинг ҳар бирида маданий-маърифий мазмун акс этган. Шунингдек, Туркия, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон қалам усталари мастер-класслар ўтказди. Улар каллиграфия услубларидаги фарқ, бадиий ўзига хосликлар ҳақида сўз юритди. Қозоғистонлик Асилбек Ўринбасар машҳур турк усталаридан ислом имлоси бўйича илм ўрганган ва бу иш билан шуғулланишга изн олган камсонли каллиграфларидан бири эканлиги билан фахрланади. Унинг ёзувлари мамлакатнинг йирик масжидларини безаб турибди.

Асилбек Ўринбасар, каллиграф:

 

- Каллиграфияда мен асосан анъанавий бамбук қаламдан фойдаланаман. Вақт синовидан ўтган бу асбоб жуда қулай, енгил, ишлаш осон. Металлдан ясалгани эса тез чарчатади, ваҳоланки, кўриб турганингиз каби, биз жуда кўп трактатлар, манускриптларни қўлда ёзамиз. Масжидлардаги кўплаб квадрат метр деворлар юзасини безатамиз. Ушбу қуруқ, арзон ва ишлатишга қулай асбоб менга завқ беради.


Алмат Абсалиқов, Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази бош эксперти:

- Каллиграфия, имло турлари кўп. Араб ёзувлари, шунингдек, масалан, лотин ёки кирилл графикасини ҳам кўриш мумкин. Яъни каллиграфияни, битикларнинг қандай ёзилганини кўриб чиқиш, уларни синчиклаб таҳлил қилиш орқали китоб қачон, қаерда ва ким томонидан ёзилганини аниқлаш мумкин. Қолаверса, хаттотнинг билим даражасини баҳоласа бўлади. Бу эса туркий, форсий, чиғатой тилларида ёзилган қўлёзмаларни археографлар томонидан батафсил ўрганилиши, таҳлил қилиниши учун йўл очади.

Абдумалик Сарманов таржимаси