Пойтахтга 1 триллион тенге инвестиция келди

Пойтахтга 1 триллион тенге инвестиция келди

Жорий йилда Нур-Султон шаҳрига 1 триллион тенге инвестиция киритилди. Шунинг 80 фоизи хусусий қўллардан, қолгани давлат бюджети маблағлари. ASTANA INVEST инвестицияларни ривожлантириш шаҳар марказидан хабар қилишларича, шаҳарда саноат маҳсулотлари ўсиши ҳажми 14 фоизга ошди. Чакана товар айланмасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилди, ўтган йилга нисбатан ўсиш 7,7 фоизга етди. Карантин чекловларига қарамай, ишлаб турган кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони 161 мингдан ошди. Бу эса шаҳарда чиқарилаётган маҳсулот ҳажми салмоқли даражада ўсишига олиб келди.

Жанбўлат Какишев, Astana Invest бошқаруви раиси:

- Асосий капиталга киритилган инвестициялар бўйича биз Қозоғистон бўйича иккинчи ўриндамиз. Биринчи поғонада Шеврон компанияси нефть-газ лойиҳаларини рўёбга чиқараётган Атирау вилояти. Хомашё секторини чиқариб ташласак, Нур-Султон инвестициялар бўйича мамлакат миқёсида пешқадамлик қилмоқда. 11 ой давомида жами 893 миллиард тенге маблағ жалб этилди. Шунингдек, биз ялпи минтақавий маҳсулотда кичик ва ўрта бизнес улуши бўйича ҳам пешқадаммиз. Биринчи ярим йилликд бу кўрсаткич 74 фоизни ташкил қилди. Бу эса етакчи минтақалардаги кўрсаткичлардан юқори.

Абдумалик Сарманов таржимаси