«Марказий Осиё+Германия» учрашуви ташкил этилди

Бугун «Марказий Осиё+Германия» форматидаги мулоқотнинг янги саҳифаси очилди. Қозоғистон Президенти Астанада бўлиб ўтган минтақа давлатлари етакчилари ва Германия федерал канцлери ўртасидаги учрашувида шундай баёнот берди. Европа Иттифоқида энг йирик иқтисодиётга эга давлат билан ўзаро муносабатлар Қозоғистон ва Марказий Осиё республикалари учун устувор аҳамиятга эга, дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Президент асосий иш йўналишлари бўйича ўз фикрини маълум қилди. Шулардан бири – товар айланмасини кенгайтириш. Қозоғистон Германияга қўшимча равишда қиймати 850 миллион доллар бўлган 100 дан зиёд турдаги товарни экспорт қилишга тайёр. Улар орасида металлургия ва нефть кимёси саноати маҳсулотлари асосий ўрин тутади. Энергетика ҳам устувор соҳалардан бири. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Водород энергетикасини ривожлантириш бўйича ўзаро фойдали ҳамкорликка тайёрмиз. Мамлакатимиз Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари билан бирга Каспий денгизи тагидан Европага яшил энергия узатувчи линия қуриш лойиҳасини кўриб чиқяпти. Германиялик ҳамкорларимизни бу стратегик лойиҳада қатнашишга чақираман.

Давлат раҳбари саноат кооперациясини ривожлантириш, Германия учун ўта муҳим материалларни етказиб бериш ҳажмини ошириш масаласини энг асосий йўналишлар сифатида кўради. Президент иш самарасини ошириш мақсадида ноёб ер металлари бўйича минтақавий тадқиқот маркази яратишни таклиф қилди. “Яшил” энергетикага ўтиш ва сув захираларини тежаш ҳам истиқболли йўналиш. Германия кўп йиллардан буён иқлим ўзгариши, сув-энергетика соҳаларида самарадорликни ошириш бўйича Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилиб келади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Қозоғистон бугунги кунда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг амалдаги раиси сифатида иш юритмоқда. Мамлакат Орол ҳавзаси давлатларига ёрдам кўрсатиш дастури ва Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш минтақавий дастури доирасида лойиҳаларни рўёбга чиқаришни фаоллаштиришга чақиради. Фикримизча, жамғарма фаолияти минтақа барқарор ривожланишини, гуллаб-яшнашини таъминлаш  учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Саммит якунларига кўра, Марказий Осиё давлатлари етакчилари ва Германия федерал канцлери қўшма декларация қабул қилди. Томонлар, шунингдек, немис бизнеси вакиллари билан ҳам учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев йиғилишда тилга олинган иқтисодий кенгаш ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлади. Кенгаш Германиядан инвестиция жалб этишда катта ўрин тутади ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Германия ўртасидаги алоқалар учун асос вазифасини бажаради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.