Қозоғистон пойтахтида илк марта «Номадча хусусият» замонавий кўчманчилар форуми бўлиб ўтмоқда. Унда тадбиркорлар, дизайнерлар ва туризм соҳаси вакиллари қатнашяпти. Ташкилотчилар таъкидлашича, тадбирдан асосий мақсад – мамлакатни бренд сифатида дунёга танитиш. Глобал рақобат шароитида мамлакат ҳақидаги тасаввур унинг иқтисодий имкониятларига таъсир кўрсатади. Экспертлар миллий ўзига хосликни сингдирган ҳолда имиж самарадорлигини ошириш йўлларини муҳокама қилди.
Инна Апенко, тадбиркор, тадбир ташкилотчиси:
– Мен тадбиркорман. Ва мамлакат бренди бизнесимга таъсир этаётганини яққол кўриб турибман. Бошқа мамлакатларга ўз маҳсулотим билан чиққанимда, у ердагилар учун менинг қаердан борганим жуда муҳим. Бугун креатив саноат вакиллари, тадбиркорлар, мамлакат ДНКсини бизнес корпоратив брендига киритганлар, давлат органлари билан бир жойдамиз. «Номадча хусусият» деган майдонча ана шу жиҳатларни аниқлашимизга ёрдам беради. Биз қандай давлатмиз? Жаҳонга нима бера оламиз?! Шу саволларга жавоб ахтарамиз.
«Номадча хусусият» форуми доирасида «Global Nomads Fashion Awards» дизайнерлар халқаро танлови бўлиб ўтди. Танлов бошловчи модельерлар ижодини кенг ёйиш, инвесторларга танитиш учун ташкил қилинган. Унга уч мингдан зиёд ариза тушган. 300 тача чевар иши танлаб олинди, 5 та энг яхшилари мукофотланди. Ташкилотчилар фикрича, ғолиблар туризм ва маданият соҳасидаги энг кучли компаниялар билан ишлаши мумкин. Кўчманчилар руҳини акс эттирган ёрқин асарлар хорижий бозорларда ҳам мамлакатимиз миллий хусусиятини илгари суришга, таништиришга хизмат қилади.
Абдумалик Сарманов.