Мастер-класслар, концертлар, бадиий кўргазмалар ва мавзуга оид экскурсиялар. Пойтахтда ҳар йили ўтказиладиган туркум маданий-оқартув тадбирлари қаторида «Музейдаги тун» акцияси ўтказилди. У Республика Миллий музейи биносида ташкил қилинди ва ўттиз мингдан зиёд меҳмонларни жамлади. Улар учун музей ўзига хос дастур ҳозирлади, дастлаб фахрий соқчилар ротаси ва Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия оркестрлари дефилеси ўтказилди. «Астана Опера» театри мусиқачилари хорижий классиклар асарларини ижро этди. Музей ходимлари қадимий буюмлар реставрацияси жараёнини кўрсатди. Тадбирнинг энг жозибадор нуқтаси – учта янги экспозиция – Қозоғистон рассомлари ва ҳунармандлари асарлари кўргазмалари ҳамда музей жамғармасининг картографик экспозицияси тақдимоти бўлди.
Абай Сатибалдин, Қозоғистон Республикаси миллий музейи директори ўринбосари:
- Меҳмонларимиз учун биринчи марта жамғармамиздаги картиналарни намойиш этяпмиз. Улар – классикларимиз асарлари. Этнографик кўргазмамиз ноёблиги шундаки, унда қозоқ сандиқлари тақдим этилган. Бу санъат асарлари авваллари умуман халқ эътиборига қўйилмаганди. Шунингдек, ҳунармандлар кўргазмасини алоҳида тилга олиш керак. Унда ёш усталар ҳам шу йилнинг ўзида яратилган ижод намуналарини тақдим этаяпти. Бу акция маданий-оқартув ишларига қўшаётган ҳиссаси билан аҳамиятли.
Абдумалик Сарманов таржимаси.