Беш йил давомида Жамоат кенгашлари йигирма мингдан зиёд меъёрий ҳужжатларни кўриб чиқди. Шундан 2 мингдан кўпроғи қайта ишлашга жўнатилди. Бўлиб ўтган брифингда Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири ўринбосари Бўлат Тлеповнинг таъкидлашича, жамоат кенгашлари ташкилотлари тузилиши оқибатида ҳужжатлардаги фуқаролар ҳаётига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қатор камчиликлар ўз вақтида бартараф этилди. Давлат органлари раҳбарлари жамоат кенгашларига ҳисобот бериши ҳам бошқарувда самарадорлик ошишига олиб келди.
Бўлат Тлепов, Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири ўринбосари:
- Ҳар йили 1,5 минг давлат хизматчиси жамоат кенгашлари қаршисида ҳисобот беради. Бу эса юзага келган саволларга жавоб олиш имкониятини беради. Ўтган беш йил мобайнида давлат хизматлари сифати жамоатчилик мониторинги доирасида мингдан зиёд тадқиқотлар ўтказилди. Очиқ муҳокамалар натижасида 2 мингдан зиёд долзарб масалалар кўтарилди. Буларнинг ҳаммаси ҳамиша ўз фикрини етказиб беришга тайёр турган фаол фуқароларимиз бажарган улкан ишлар натижаси. Бу фуқаролик жамиятининг ҳақиқий ғалабаси.
Абдумалик Сарманов таржимаси