Пойтахтда машҳур этнограф коллекцияси кўргазмаси очилди

Пойтахтда машҳур этнограф коллекцияси кўргазмаси очилди

Қозоғистонлик коллекционер-этнограф Бахаргул Тўлегеннинг шахсий кўргазмасида бир неча асрга оид, ҳар бири ўз тарихига эга мингдан зиёд артефакт тақдим этилди. «Жавҳар дурдона» экспозицияси муаллиф йигирма йил давомида тўплаган ноёб антиквар буюмларни ўзида жамлаган.  Унинг таъкидлашича, ноёб ва қимматли буюмлар коллекцияси келажак авлод учун бой тарихий ва маънавий қийматга эга.

Бахаргул Тўлеген, коллекционер-этнограф:

- Коллекциямдаги энг қадимий буюм – Кушон подшолигига, I-III асрларга оид тангалар. Улар Афғонистонда, Покистонда, Шимолий Ҳиндистонда айланмада бўлган. Юза қисмига подшо Кушон тасвири туширилган. Қимоқлар даврига оид туркий ботирлар қуролларининг 5 тури бор. Шунингдек, 18-19-асрга доир кўплаб совутлар, камарлар, кумуш буюмлар тўпланган.

Таъкидлаш лозимки, «Жавҳар дурдона» экспозицияси келажак музейи - «NUR ALEM»да мунтазам намойиш қилинади. 

Даулет Еркимбаев, «Qazexpocongress» миллий компанияси бошқарув раисининг биринчи ўринбосари:

- Жорий йилда биз Бахаргул Тўлеген билан музейда мунтазам намойиш этиладиган лойиҳа устида ишлай бошладик. Ушбу музей шаҳар аҳли ва меҳмонлари ўртасида жуда машҳур. Мазкур кўргазма биринчи қаватда, Қозоғистон билан танишиш зонасига қўйилган. Шу ернинг ўзида саёҳатчилар, меҳмонларимиз, шаҳарликлар музейдаги интерфаол ускуналар орқали мамлакат ҳақида батафсил ва чуқур маълумот олиш имконига эга. Айни вақтда, мазкур кўргазма туфайли қозоқ маданиятининг ушлаб кўриш мумкин бўлган, тушунарли буюмларини кўриш мумкин.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.