Павлодарда К.Кеменгеровнинг китоби топилди

Павлодарда К.Кеменгеровнинг китоби топилди

Уни Бухар Жирау номли адабиёт ва санъат музейи илмий ходимлари этнографик экспедиция давомида Павлодар вилоятининг Железинск тумнаида қўлга киритишди. Маълумки, «Қозоқлар тарихидан» деб аталган китоб 1924 йилда Москвада чоп этилган. Ноёб нусха анча зарарланган, лекин ўқиш мумкин. Афсуски, унинг кўп саҳифалари йўқолган. Фақат 15 бети тўлақонли ҳолатда.

Адильбек Амренов, Бухар жирау номли адабиёт ва санъат музейи илмий ходими:

- Бу Қўшмухамбет Кеменгеровнинг дастлабки асарларидан, дейиш мумкин. Мазмунини чуқур ўргандик. У китобида қозоқ халқининг келиб чиқиши, дини, саводи ҳақида ёзган, ер масаласидаги муаммоларни кўтарган.

Китоб Ахмет Байтурсинов ишлаб чиққан араб графикаси асосидаги тўте ёзувда ёзилган. Унинг адади 4 минг нусхани ташкил қилган. Афсуски, Қўшмухамбет Кеменгеров яна бир марта ҳибсга олинганида китоблари йўқ қилинган. Эслатамиз, олим ва публицист давлат органлари томонидан муттасил таъқиб қилинган. 1937 йилда ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Ербол Қайиров, Бухар жирау номли адабиёт ва санъат музейи раҳбари:

- Бу биз учун, музейимиз, қозоқ адабиёти тарихи учун жуда қимматли экспонат. «Алаш Ўрдачилар изидан» деб аталган лойиҳамиз доирасида шундай артефактларни ахтариб топяпмиз. Қўшмухамбет Кеменгеровникидан ташқари яна учта китоб топдик. Кимларга тегишли эканлигини айтолмаймиз, уларни мутахассислар ўрганяпти.

Музей ходимлари кенг кўламли илмий конференция ўтказиш ниятида. «Буюк даштнинг буюк номлари» анжуманида павлодарлик тадқиқотчилар топилмалари тақдим қилинади.

Абдумалик Сарманов таржимаси