Сайёрадаги энг дастлабки олмалар Қозоғистон ҳудудида пайдо бўлган. Бугунги кунда бу назарияни дунёнинг турли бурчакларидаги кўплаб олимлр тасдиқлаган. Немис режиссёри Антье Маевски ўз фильмини Қозоғистондаги ёввойи Сиверс олмасига бағишлашга қарор қилди. Бу ғояни амалга ошириш учун у деярли барча қитъаларда бўлди. Асарнинг катта қисми, албатта, тадқиқотчилар фикрича, Одам Ато ва Момо Ҳаво жаннат боғлари жойлашган Алматининг тоғли жойларида суратга олинди.
Антье Маевски, режиссёр:
- Бу фильмим олма ҳақида, у қаерда пайдо бўлгани, яъни юртингиз - Қозоғистон ҳақида. Мен бугунги маданийлаштирилган олмаларнинг генетик манбаини ўрганишга ҳаракат қиляпман, Қозоғистон тоғларида ёввойи Сиверс олмаси ўсган жойлар бор. Ҳозирда бутун дунёда топиш мумкин бўлган олманинг маданий мевага айланиш жараёнини кузатаман.
Картина муаллифи барча олмалар аждодининг пайдо бўлиши ва маданийлаштирилгани тўғрисидагина ҳикоя қилмайди. Балки бугунги кунда оммавий саноат ишлаб чиқариши туфайли юзага келаётган муаммоларни ҳам кўрсатишга интилади. Миллион йиллар давомида олма дарахтлари тоғларда эркин ўсган, бироқ бугунга келиб, селекция ишлари сабабидан, тадқиқотчилар ҳазил билан айтганидек, мевасини динозаврлар еган бу ғаройиб ва кўҳна ўсимлик бутунлай йўқолиш хавфи остида қолган.
Серик Садиқов, Қозоғистон мева-сабзавотчилик ити директори:
- Агар ўз даврида Николай Иванович Вавилов экспедицияси бу ерда тахминан 50 минг гектар олмазор бўлганини аниқлаган бўлса, ҳозирга келиб, 10 фоиздан кўп эмас, эҳтимол, 5 минг гектар чиқар. Бу катта муаммо, уни ҳал қилиш зарур, бу фақат институтимиз муаммоси эмас, бу глобал масала.
Эслатамиз, айни пайтда Қозоғистонда ёввойи Сиверс олмасининг 12 та резервати мавжуд. Олмазор боғларда экспедицияда бўлган немис режиссёри таъкидлашича, бу жуда ноёб дарахт, ҳар бири - индивидуал, кўриниши ва таъмига кўра ўзаро фарқ қилади. Ва ёрқин ифори билан ажралиб туради.
Антье Маевски, режиссёр:
- Жуда кўп суратга олдим, монтаж жараёни бир йилдан кўп вақт олди, нима муҳим, нима йўқлигини англаш учун. Қозоғистонга оид лавҳаларни сақлаб қолдим, чунки бу мен учун фильм ядроси бўлди, бир қисми менга ҳаммасидан кўпроқ таъсир қилди, деган бўлардим. Чунки Қозоғистонга ушбу саёҳат мен учун ғаройиб бўлди. Бир умр истеъмол қилинган бу меванинг келиб чиқиши, қаерда пайдо бўлгани ҳақида билиш улкан ва серсув бўлиб оқаётган дарё қаердан бошланганини кўриш учун унинг манбаига бориш билан тенгдир.
«Олмалар озодлиги» киноасари премьераси Алматида бўлиб ўтди, бу ерда «Олманинг отаси – Аймақ Жанғалиев» ҳужжатли фильми ҳам намойиш этилди. Картина бутун ҳаётини Ер юзидаги олмалар аждодини ўрганишга бағишлаган афсонавий қозоғистонлик олим ҳақида ҳикоя қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси