Пойтахт бўйлаб пиёда экскурсиялар кўпаймоқда

Пойтахт бўйлаб пиёда экскурсиялар кўпаймоқда

Пойтахтни яхшироқ ўрганиш. Ёзнинг ҳар бир дам олиш кунида меъмор Темиртас Исқақов Қозоғистон пойтахти меҳмонлари ва аҳолисини пиёда экскурсияга олиб чиқади. Бу тадбир оммалашмоқда. Мазкур саёҳатларнинг мазмундорлиги одамларни қизиқтиради.

Темиртас Исқақов, Fading.TSE шаҳар тадқиқотлари майдончаси асосчиси:

- Одамлар сайр давомида 150-160 йиллик биноларни кўрганида, ҳайратланади. Хилма-хиллигидан ажабланади. Масалан, "Ойнасиз пойтахт" йўналишида ойна ва бетондан эмас, ғишт, ёғоч ва пахсадан бунёд этилган объектларни томоша қила оласиз.

Экскурсия қатнашчилари Марказий шаҳар стадиони яқинида йиғилади.

Марк Брюшко, мухбир:

- Кўпчилик гуруҳ саёҳатга чиқадиган нуқта – стадион тарихий объект эканлигини билмайди. У ўтган асрнинг 30-йилларида Ақмўла қалъаси ўрнида бунёд этилган. Унинг асосий кириш дарвозаси турган жойда кам сонли эски фотосуратларда кўзга ташланадиган қалъа минораси бўлган.

Кейинги икки-уч соат давомида экскурсия қатнашчилари шаҳарнинг турли қирраларини ўрганади. Савдогарлар ва темирйўл Ақмўласи, неоклассик ва модерн Целиноград, Қозоғистон пойтахтининг дастлабки монументлари.

- Бу уйлар эса, кўриб турганингиз каби, совет неоклассицизми намуналари. Биз бундай меъморчилик намуналарини ҳали кўрамиз. У жуда камтар, деярли безалмаган, булар уруш арафасидаги ва уруш давридаги бинолар белгиси.

Меҳмонлар қолдирган изоҳларга ишонсак, 15 та тарихий локация орқали ўтган саёҳатни унутишмайди.

Марат Хамидуллин, Томск шаҳридан /Россия/:

– Целиноград, Астана, Нур-Султон ҳақида гапирсак... у 24 йил аввал бунёд этилган, деган тасаввур бор. Шаҳарнинг эски қисмини шаҳар меҳмонларининг кўпчилиги билмаса керак. Улар асосан чап қирғоқда, бадавлат қисмида кезади. Биз эса пойтахтнинг бу қисмини ҳам ўрганишга жазм қилдик.

Бундай пиёда саёҳатларда бўлганлар кўп нарсаларни билиб олди. Энг камида 19-асрда шаҳарнинг бош майдони қаерда бўлгани, Чўлқуварлар саройининг ўзига хослиги, Ақмўла қалъасининг қайси қисми сақланиб қолгани хусусидаги саволларга жавоб топишди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.