Павлодардаги мактабда кулолчилик ўргатиляпти

Павлодардаги мактабда кулолчилик ўргатиляпти

Кулолчилик сирлари - болаларга. Павлодар мактабларидан бирида ўқувчилар сопол кўза, гулдон ва бошқа идишлар ясашни ўрганади. Таниқли усталар касб сирларини баҳам кўради. Айдар Абдикаримов моҳир ҳунармандлардан, бир вақтлар сопол идишлар ишлаб чиқарувчи керамика цехида ишлаган. Йигирмага яқин бола унинг мастер-классларига ёзилган.

Айдар Абдикаримов, кулол:

- Бу иш катталарга ҳам, болаларга ҳам қизиқ. Тажрибамизни бўлишиш вақти келди, шекилли. 

София Сафарова, ўқувчи:

- Марказга келтириш, шакл ясашни ўрганиб олдим. Қўлим билан ясаб кўряпман. Олдинига пластилин билан ишладим, кейин гилга ўтдим. 

Руҳшунослар фикрича, гил билан ишлашнинг фойдаси катта. Кулолчилик билан шуғулланиш болаларда майда моторикани ривожлантиради, қунт билан ишлашга ўргатади. Мактабда яқин келажакда ёш усталар ясаган ишлар коллекцияси асосида кўргазма ташкил қилиниши режалаштирилган.

Ўразбек Бахатхан, мактаб директори ўринбосари:

- Биз болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишимиз керак. Бунинг учун тўгараклар ташкил қилинган. Болалар ижод билан шуғулланишини ўйладик. Кулолчилик ҳунари яхши ғоя бўлди. 

Ғоя бошқа мактабларда ҳам оммалашди. Павлодарнинг қатор илм даргоҳларида кулолчилик тўгараклари очиш режалаштирилган. 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.