Хориждаги юртдошларимиз учун қозоқ тилини ўрганишга ёрдам берувчи махсус дарслик ишлаб чиқилади. Дарслик йил охиригача тайёр бўлади. Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда «Ватандошлар» жамғармаси вице-президенти Мағауия Сарбасов шу ҳақда маълум қилди. Унинг сўзига кўра, янги ҳаммабоп услубият хорижда яшаётган қозоқ жамоатлари учун мўлжалланган. Жаҳоннинг 12 мамлакатида давлат тилини бепул ўргатадиган 31 та онлайн-синф мавжуд. Улар зарур ускуналар билан жиҳозланган. Йил бошидан буён 350 та машғулот ўтказилди, 900 нафардан зиёд тингловчи қозоқ тилини ўзлаштиргани хусусида ҳужжат олиб улгурди. Мағауия Сарбасов таъкидлашича, уларни мамдакатимиз олий ўқув юртларига жалб этиш йўлга қўйилган.
Мағауия Сарбасов, «Ватандошлар Жамғармаси» миллий ҳж вице-президенти:
- Сўнгги 3 йил давомида тайёргарлик гуруҳлари учун 3 ярим минг грант ажратилганди. Шундан 90 фоизи ўзлаштирилган. Давлат квотасига мувофиқ сўнгги 5 йил ичида 3 минг 645 юртдошимиз Ягона миллий тест бўйича етарли балл олди ва олий ўқув юртларида ўқий бошлади. Барча юртдошларга, хориждан ташриф буюрган талабаларга ётоқхоналар ажратилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси