Ортиқча текширувлар йўқ! Қозоғистонда тадбиркорларга талаблар реестри ишлаб чиқилади. Мажилис йиғилишида Миллий иқтисодиёт вазири Асет Ерғалиев айтишича, эндиликда бизнес-объектлар фақат қонунчиликни бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирдагина текширилади. Бундан ташқари, янгича ишлаш тартибига кўра бизнес соҳиблари зиммасидаги юклама ва ортиқча харажатлар камаяди. Янги қонун лойиҳасига кўра, ҳисоботларда рақамлаштиришга устуворлик берилади, бу эса ортиқча қоғозбозикни бартараф этади.
Асет Ерғалиев, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири:
- Мазкур реестрга бизнесга бўлган талабларнинг барчаси киритилади. Яъни, рўйхатга кўра тўла тасаввур пайдо бўлади. Шу билан бирга корхонага нисбатан қўлланилган у ёки бу талаб қайта кўриб чиқиладиган ёки бекор қилинадиган аниқ саналар ҳам киритилади. Мазкур реестр «Адилет» ахборот тизими базасида шакллантирилади. Тегишли тажрибага эга Адлия вазирлиги қошидаги Қонунчилик институти айни вақтда реестрга зарур техник ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси