Павлодарда тарвуз фестивали ўтказилди. Жорий йилда фермерлар полиз экинларидан катта ҳосил кўтарди. Гектаридан ўртача 400 центнер маҳсулот олинди. Бунга сўнгги йилларда фаол ишлатилаётган янги технологиялар туфайли эришилди. Вилоят миришкорлари икки минг гектар ерда бир неча навли тарвуз етиштирди.
Абзал Балғабаев, Аққули тумани ҳокими:
– Авваллари биз ёмғир сувига қаноат қилган бўлсак, эндиликда томчилатиб суғоришни йўлга қўйдик. Энди миришкорларимиз анча эрта ҳосил оляпти. Вилоят маркази аҳолиси маҳсулотимизни татиб кўрди. Бундан ташқари, тарвуз-қовунларни бошқа минтақаларда ҳам сотамиз.
Қайрат Шапуов, миришкор деҳқон:
- Бизда эксклюзив навлар кўп. Сирти яшил, ичи сариқлари ҳам бор. Ичи ва сирти сариқлари бор. Зарғалдоқ ранглиси мавжуд. Чанглантириш ёрдамида иккита янги нав яратдик.
Минтақада тарвуз фестивали ҳар йили ўтказилади. Ушбу анжуманга минглаб одам келади. Маҳаллий фермерлар беш тоннадан зиёд тарвуз-қовун келтирди. Меҳмонлар шакли ва мазаси турли-туман маҳсулотлардан ҳайратда қолди. Дегустаторлар ичида хорижликлар ҳам бор.
Амили Рен, турист, АҚШ:
- Бундай ажойиб байрамда биринчи марта қатнашяпман. Тарвуз кунини нишонлаш ғояси менга жуда ёқди. Бу ердагиларнинг ҳаммасидан татиб кўрдим. Жуда ажойиб. Умримда сариқ тарвуз емаганман. Шунақаси ҳам бор экан.
Павлодар тарвузлари мамлакатда ҳам, хорижда ҳам машҳур. Прогнозларга кўра, жорий йилда 80 тонна ҳосил олинади. Унинг 30 фоизи Россияга экспорт қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.