Орадан 80 йилча вақт ўтиб, Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлган яна бир қозоқ жангчиси хоки топилди. Серик Смаилов фронтга 22 ёшида жўнаган. Лекин тез орада яқинлари билан алоқаси узилиб қолган. Архив ҳужжатларидан маълум бўлишича, у Сталинград яқинида жанг қилган. Шунингдек Курск жангида қатнашган, бу аскар учун сўнггиси бўлган. Серик Смаилов ҳақида бошқа маълумот сақланмаган.
Мурат Утемисов, Серик Смаиловнинг невараси:
- Бир неча йил олдин, Москвада яшаган пайтимда, маълумот излай бошлагандим. Россия Мудофаа вазирлигига расмий сўров юборганмиз, олинган жавобга кўра, 1942 йилда Сарису ҳарбий комиссариатидан хизматга чақирилган Смаилов Серик Белгород вилояти Шебекин тумани Безлюдовка қишлоғидаги биродарлик қабристонида дафн этилган. Илгари бу жойлар Курск вилояти дейилган. Бу маълумотни текширдим, унда аскар аёли Бағила деб берилган. Бу менинг бобом ва бувим.
Асанали Ашимов, актёр:
- Серик ота қабри топилди, дейишганида, худди у урушдан қайтиб келгандек хурсанд бўлдик. Ёш боладек севиндик. Юртига унинг мозоридан бир ҳовуч тупроқ келтирилди. Серик ота ва менинг отам Ашим – ака-ука. Ҳар иккиси урушдан қайтмаган. Отам ҳалигача бедарак йўқолганлар рўйхатида.
Абдумалик Сарманов таржимаси