Жорий йилда Қозоғистонда қайта ишланган маҳсулот экспорти 6 ярим фоизга ўсди. Бу йўналишдаги импорт ҳажми эса 7 фоиздан кўпроққа камайди. Сенат йиғилишида Бош вазир Ўлжас Бектенов таъкидлашича, бугунги кунда мамлакат иқтисодида қайта ишланган маҳсулот ҳажми 47 фоизга етди, хомашё сектори эса 45 фоизгача пасайди. Фақат мамлакат ичида ишлаб чиқарилганлари харид қилинадиган маҳсулот турлари сони 1,5 мингдан 4,5 мингтага етказилди.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Тегишли чора-тадбирлар туфайли жорий йилнинг ўзида Қозоғистон товар ишлаб чиқарувчилари билан тузилган шартномалар 55 фоизга ўсди. Яъни, шартномаларнинг умумий қиймати 350 миллиард тенгега етди. Жорий йилда оф-тейк шартномалари умумий қиймати 134 миллиард тенгени ташкил қилади. Бу кўрсаткич ўтган йилгидан 14 марта ортиқ.
Рус тили бўйича халқаро
ташкилот иш бошлайди
Шу билан бирга, Сенатда рус тили бўйича халқаро ташкилот тузилиши маълум қилинди. Парламент бу борадаги ҳужжатни маъқуллади. Қозоғистон, Россия, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон давлатлари тегишли шартномани имзолаган. Халқаро ҳуқуқ субъекти бўлган ҳукуматлараро ташкилот унга аъзо давлатларда маданий-гуманитар, тарих, фан ва технологиялар соҳасидаги ахборотни ўзида жамлайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.