Астанада сунъий интеллект асосида ишловчи онлайн-таржимон тақдим этилди

Қозоқча гапиришни истаганлар учун мукаммал ёрдамчи. Астанада сунъий интеллект ёрдамида ишловчи мамлакатда ишлаб чиқилган биринчи онлайн-таржимон тақдим этилди. Кўп вазифали илова матнни ўқийди, ўзгартиради, ундан аудионутқ синтез қилади. Айни вақтда, у овозни матнга ҳам айлантириши мумкин. Матнни овозлантиришда талабга кўра нейротармоқ эркак ёки аёл овозини тақдим эта олади. Soyle App деб аталган майдончани яратиш учун Назарбаев Университет қошидаги Ақлли тизимлар ва сунъий интеллект институти олимлари беш йил ишлашди. Ўтган давр мобайнида катта ишлар қилинди. Маълумот тўпланди, лингвистлар билан бирга тест ва синовлар амалга оширилди. Натижада, қозоқ, инглиз, турк ва рус тилларидан сифатли, аниқ таржима қила олувчи инновациявий маҳсулот пайдо бўлди.

Ишланма муаллифлари таъкидлашича, илова мамлакат учун стратегик муҳим миссияни — фойдаланувчилар ахборот хавфсизлигини таъминлайди. Сеанс ниҳоясида ёрдамчи барча шахсий маълумотларни «унутади». Тадқиқотчилар келажакда таржимон қўшимча вазифалар бажаришига эришиш ҳамда лойиҳани кенгайтириш ниятида.  

Улжан Бисаринова, Issai маҳсулот менежери:

- Ушбу маҳсулот Қозоғистон аудиториясига шуниси билан фойдалики, кимдир қозоқ ва тақдим этилган бошқа тилларни, яъни турк, инглиз, рус тилларини ўрганишни, у тилларга таржима қилишни, овозлантиришни истаса ёрдам кўрсатади. Мамлакатда унга тенг кела оладиган лойиҳа йўқ. Бундан ташқари, ҳар бир калима овоз шаклида ҳам берилади. Таъкидлаш жоизки, Google Translate, Яндекс Translate иловаларида сўзларнинг қозоқ тилидаги талаффузини тинглай олмайсиз. Овозни таржима қилолмайсиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси.