Қозоғистонда ижтимоий заиф аҳоли қатламлари Конституциявий судга ҳеч қандай тўловсиз мурожаат эта олади. «Солиқ кодекси тўғрисида»ги қонун лойиҳасидаги ўзгаришлардан бири шу. Лойиҳани мамлакат парламенти икки ўқишда қабул қилди. Ҳужжатга кўра кичик ва ўрта бизнесга тушадиган солиқ юкламаси камаяди. Масалан, балиқ тутувчи корхоналар маҳсулотини қайта ишлган тақдирда ҚҚС 70 фоизга қисқаради. Бугунги кунда мамлакатда балиқчилик билан шуғулланаётган хўжаликлар бундан бемалол фойдалана олади. Заргарларга олтин сотилганида, шакар импортида ҚҚС бекор қилиниши мўлжалланган. Ўзгаришларнинг алоҳида блоки транспорт тизимини такомиллаштиришга қаратилган.
Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазири:
- Темирйўл транспорти соҳасида йўловчи ташувчиларга магистраль темирйўл тармоғидан фойдаланиш нархи бепул қилиниши, яъни нолга тенг тариф белгиланиши кўзда тутилган. Фуқаро авиациясида сертификат берилиши учун зарур бўлган мажбурий тўлов бекор қилинади, чунки бу хизмат ўзини-ўзи таъминловчи ташкилот томонидан бажарилади. Шунингдек, ҳаво кемаларига ёнилғи қуйишда ҚҚС ставкаси нолга туширилади. Ҳозир бу имтиёз фақат аэропортларга берилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси