Марказий Осиё мамлакатларининг инвестициявий салоҳияти қандай?

Марказий Осиё мамлакатларининг инвестициявий салоҳияти қандай?

Келгуси 10 йил давомида Марказий Осиёда нохомашё секторига 70 миллиард доллар бевосита хорижий инвестиция жалб этиш мумкин. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти майдончасида ўтказилган минтақа мамлакатлари инвестициявий салоҳияти тақдимотида шундай рақамлар тилга олинди. Форум иштирокчилари тилга олгани каби, ШҲТ сайёра аҳолисининг 60 фоизини ўз ичига олади. Лекин бу ташкилот маркази Марказий Осиё ҳисобланади.

Ван Кэвэнь, Хориждаги корхоналарни ривожлантириш хитой ҳамжамияти бош котиби ўринбосари:

- Янги энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш учун улкан салоҳият мавжуд. Шамол, қуёш, сув энергиясидан унумли фойдаланиш мумкин. Мамлакатларда енгил саноатни такомиллаштириш, рақамли иқтисодиёт, чегараоша тижорат, янги технологиялар ва молияга оид йўналишлар ҳам истиқболли.

Осмоности мамлакати компаниялари минтақада туризм, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги имкониятларини тақдим этди. Қатор йўналишларда тегишли ҳужжатлар имзоланди.

Нурлан Аққўшқаров, ШҲТ котибияти қошидаги қозоғистоннинг доимий вакили:

- Мазкур форумда учта миллий компания ва “Астана” молиявий маркази Қозоғистонни тақдим этди. ШҲТ майдончасида шу каби тадбир биринчи марта ўтказилди. У мунтазам ишлайдиган инвестициявий йўналишдаги доимий тадбирга айланишига умид қиламиз.

Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётлари тузилиши ўзаро ўхшаш. Савдо ҳажми ортмоқда, ўзаро алоқалар мустаҳкамланмоқда. Форум қатнашчилари фикрича, бундан соҳани юқори қўшимча қиймат билан ривожлантиришда фойдаланиш мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси